English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши курашиш ҳамда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш долзарб масала
18:34 / 2023-11-15

ХХI асрни ахборот технологиялари ва жаҳон ахборот тармоғисиз тасаввур қилиш мушкул. Глобаллашув даврида ахборотлар оқими сабабли ёшлар кенг билимга эга бўлиш баробарида тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларга дуч келяпти. Уларни ахборот хуружларидан асраш эса бугуннинг долзарб вазифасига айланди.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети ҳамда «Зиё» медиа маркази ҳамкорлигида «Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши курашиш ҳамда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш» мавзусида ўн кунлик маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида 15 ноябрдан ой охирига қадар ўтказиладиган учрашувларда ижтимоий-сиёсий, диний, маданий-маърифий соҳада нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида тан олинган давлат ва жамоат арбоблари, ўз соҳасининг донг таратган экспертлари ҳамда диншунос олимлари иштирок этади. 

Бугун ўн кунликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. «Сохта даъватчилар аслида кимлар?» мавзусига бағишланган учрашувда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори Мансур Мусаев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Аъзамхон Қамбаров, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчиси Шукрулло Жўраев, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди. 

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар барчамиздан ёшлар тарбиясига янада эътиборлироқ бўлишни тақозо этаётганини, бунинг учун, энг аввало, таълим тизимида улар билан мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш зарурлигини таъкидлади. 

Учрашувда сўзга чиққан экспертлар мазкур тадбир ёшларни радикализм, терроризм, экстремизм, сохта даъволар, ғаразли даъватлар, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар, оммавий маданият таъсиридан ҳимоялаш мақсадида ташкил этилаётганини қайд этишди. 

– Аслида, «даъват» сўзининг маъносини билиб олишимиз керак, – деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси Аъзамхон Қамбаров. – «Даъват» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, бирор-бир ғоя, мафкурага чақириш маъносини билдиради. Истилоҳий маънода эса ислом дининг асл қадриятларини англатиш, софлик, имон-эътиқод, инсонларга эзгулик чақиришга нисбатан ишлатилади. 

Афсуски, бугунги кунда «даъват» сўзининг мазмун-моҳиятини билмаган ҳолда, ижтимоий тармоқда қатнашаётганларнинг айримлари ўзлари гапираётган нарсаларнинг фарқига боришмаяпти...Зеро, ҳар бир айтаётган фикрлар инсонларнинг ахлоқ-одоби, манфаати, маънавияти ва маърифатига хизмат қилиши керак. 

Давра суҳбатида мавзу бўйича видеоролик намойиш этилди. Mаърузалар бўйича муҳокама ва савол-жавоблар ўтказилди. 

Айтиш керакки, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бошланган маърифий ўн кунлик давомида «Сохта даъватчиларнинг илм, тақво, ақида, мазҳаб борасидаги қарашлари қай даражада мукаммал?», “Бузғунчи тоифалар ўз «қурбон»ларини қандай танлаб, қандай тайёрлайди?”, «Ахборот истеъмолига эътиборли бўлиш ва ахборот хуружи», «Миллий қадрият, урф-одат ва анъаналар, либосларнинг миллат ва халқ ўзлигида тутган ўрни ва роли» каби мавзуларда кўргазмали воситалар, видео ва аудио материаллар билан бойитилган, экспертлар ва талабаларнинг эркин мулоқотига жиддий урғу берилган дарслар бўлиб ўтади. 

Н.Усмонова, ЎзА