Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарорига илова шаклида қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидалари”да фото ва видео қайд этиш терминига таъриф берилган.
Унга кўра, фото ва видео қайд этиш — йўл ҳаракати қоидалари бузилишини махсус автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалари, шунингдек, видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар ёрдамида қайд этишдир.
Хўш, фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш учун қандай талаблар қўйилган?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 апрелдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори 2-иловасига асосан, фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш учун қуйидаги талаблар амалга оширилгандагина рухсат берилади.
Яъни, тизимни жойлаштириш учун автомобиль йўлининг қатнов қисмига халақит бермайдиган ҳолда, ўнг ёки чап йўналишга «I», «Г», «Т» ёки «П» шаклдаги металл устун ўрнатилади. Тизимлар металл устунга 6 метрдан кам бўлмаган баландликда ўрнатилади.
Металл устунларни ўрнатиш, лойиҳалаш, экспертизадан ўтказиш ва тегишли давлат идоралари билан келишиш ишлари тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.
Металл устун ва транспорт воситасининг тўхташ чизиғи оралиғидаги масофа тизим қурилмаларининг техник хусусиятлари, релефнинг мураккаблиги ва муҳандислик коммуникациялари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим. Тизим ўрнатилган металл устунга умумий ҳолатни кузатиш ва ўрнатилган қурилмалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 360 градус радиусдаги кузатув камералари ўрнатилади.
Ўрнатилган металл устунларнинг ўнг ёки чап томонидан 4 метр баландликда телекоммуникация жавони ўрнатилади. Ушбу жавон керакли алоқа ҳамда электр қурилмалари билан жиҳозланади.
Мазкур қурилмаларнинг техник талаблари шулар. Хўш, бу қурилмалар ўрнатиладиган жой тўғрисида йўл ҳаракати иштирокчиларининг хабардорлик даражаси қандай бўлиши керак?
Юқорида эслатиб ўтилган қоидаларнинг йўл белгиларига бағишланган иловасида фото ва видео қайд этиш белгиси тўғрисида маълумот берилган. Унга кўра, йўлларда автомобиль ҳайдовчилари қоидалар талабига риоя этиши электрон қурилмалар ёрдамида назорат қилинаётганини билдирувчи йўл белгиси ўрнатилган бўлиши лозим. Ушбу йўл белгиси қоидалар талабига риоя этилиши стационар электрон қурилмалар орқали назоратга олинган жойларга ўрнатилади, деб белгилаб қўйилган.
Демак, техник талабларга жавоб берадиган фото-видео қайд этиш белгиси ўрнатилган жой тўғрисида огоҳлантирувчи 5.41 белгиси ўрнатилиши шарт экан. Мазкур тартибга амал қилинмаган ҳолатда расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар юридик кучга эга бўлмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди.
Ирода Қаҳҳорова, ҳуқуқшунос