English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Рақобат тўғрисида”ги қонун ижроси муҳокама этилди
18:50 / 2020-10-30

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг Монополияга қарши курашиш қўмитасида видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлиси бўлиб ўтди.


Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг Монополияга қарши курашиш қўмитасида видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

Унда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятлари ва “Ўзёғмойсаноат”, “Ўзчармсаноат” уюшмалари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.

Қонуннинг “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги ижроси ҳолати ўрганилганида мамлакат кимё саноати корхоналарининг аксариятида давлат улушининг юқорилиги, замонавий энерго тежамкор технологияларининг жорий қилинмаганлиги каби сабаблар оқибатида соҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар нархлари ички бозорда ҳам ташқи бозорда ҳам хориж компанияларнинг шу каби товар ва хизматлари билан рақобатлаша олмаяпти.

Ички бозорда товар ва хизматлар сифатини ошириш, мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан акциядорлик жамиятининг манфаатдор эмаслиги ҳам рақобат муҳитининг йўқлиги сабабларидан бири ҳисобланади.

Қонун талабларининг етарлича ишламаслиги соҳада давлат-хусусий шериклик тамойилларининг қўлланилмаслигига ҳам олиб келган.

Рақамли маҳсулотларни қўллаш таркиби суст даражада ташкил этилганлиги ҳам рақобатнинг ривожланишига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарини куз-қиш мавсумида “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар, яъни табиий газ талаб этиладиган параметрларда (12 кгс/см2 да) етказиб берилмаслиги туфайли ишлаб чиқаришда тўхталишлар юзага келган ёки тўлиқ қувватда ишилаш имкони бўлмаган.

Хусусан, юқоридаги сабаб туфайли 2019 йилда 318,8 миллиард сўмлик товар маҳсулоти, шу жумладан, 294,5 миллиард сўмлик азотли ўғитлар кам ишлаб чиқарилган ва 24,4 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларга йўл қўйилган. Бу, ўз навбатида, азотли ўғитлар таннархининг кескин ошишига сабаб бўлган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибидаги корхоналарининг маҳсулотларига нархлар шаклланиши ва қўлланилиши таҳлил қилинганда айрим корхоналар томонидан маҳсулотларига юқори монопол нарх қўлланилиши ҳолатлари кузатилган ва камчиликлар бартараф этилган.

“Maxam-Chirchiq” АЖ томонидан аммиакли селитра махсулоти ишлаб чиқарилиб, хўжалик юритувчи субъектларга биржа савдолари орқали сотилиши керак. Бироқ ишлаб чиқарилган маҳсулот тўғридан-тўғри шартномалар асосида таркиб корхонасига бозорда фаолият юритаётган бошқа рақобатчиларига нисбатан арзон нархда сотилиши натижасида “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиб, хўжалик субъектлари учун тенг бўлмаган шароит юзага келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган рўйхатга асосан минерал ўғитлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиши белгиланган.

“Ўзкимёсаноат” АЖ таркибидаги корхоналари томонидан импорт-экспорт фаолиятини олиб боришда “Ўзкимёимпэкс” МЧЖнинг ягона агент этиб белгиланиши мазкур фаолиятнинг сунъий монополлашувига олиб келган.

Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилишига урғу берилди.

Қайд этилганидек, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти нефть, нефть маҳсулотлари ва газни (газ конденсати) қувур орқали транспортировка қилиш хизматлари бўйича Табиий монополия субъектларининг давлат реестрига киритилган.

2020 йил 1 январь ҳолатида республикада 276 та нефть ва газ конлари мавжуд бўлиб, суюқлик тури бўйича улар 10 та газ кони, 137 та конденсат, 52 та нефтгаз конденсати, 25 та нефть ва газ ҳамда 52 та нефть конларига бўлинади. Жамият тизимидан нефтни қайта ишлаш заводларига 2019 йилда 911,2 миллиард сўм солиқ тўловларидан имтиёзлар берилган.

Мажлисда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг қазиб чиқаришдаги улушининг йилдан-йилга қисқариб бориши ҳамда нефть ва газ маҳсулотлари ҳажмларининг камайиб бориши иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергоресурслар билан таъминлаш масаласида бир қатор муаммоларга сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Жумладан, бугунги кунда республикамиз аҳолисининг 49 фоизи табиий газ ва 51 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланган. Бу борадаги ишлар ҳолати таҳлил қилинганда айрим ҳудудларда бир неча ойлаб табиий газ, баъзи ҳудудларда эса суюлтирилган газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмаётганлиги аниқланган.

Яна бир жиҳат. Иқтисодиёт тармоқларининг маҳсулот ишлаб чиқаришда табиий газга бўлган эҳтиёжи юқорилиги ва бу эҳтиёж тўлиқ қондирилмаётганлиги натижасида табиий газ етказиб берувчилар томонидан устун мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатлари юзага келмоқда. Хусусан, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 2018-2019 йиллар давомида улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда тўловларни ҳисоблаш ва тарифларнинг қўлланилишида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги натижасида улгуржи истеъмолчилар ҳисобидан жами 200 миллиард сўмдан зиёд миқдорда асоссиз даромад олинганлиги аниқланган.

Шунингдек, мажлисда нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газни реализация қилишда тақдим этилган эксклюзив ҳуқуқларни хатловдан ўтказиб, уларни қисқартириш чораларини кўриш, нефть ва нефть маҳсулотларининг биржа савдоларига қўйилишида нархларнинг тасдиқланган графикка риоя қилган ҳолда белгиланишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 январдаги “Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзпахтаёғ” АЖ негизида Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилган.

Мазкур ташкилот томонидан 2018 йилда 191,4 минг тонна кунгабоқар ва 135 минг тонна кунгабоқар мойи импорт қилинган бўлса, 2019 йилда импорт ҳажми мос равишда 269 минг тонна ва 216 минг тоннани ташкил этган.

Таҳлиллар 2020-2021 мавсумда бутун дунёда кунгабоқар етиштириш ҳажми прогнозлари 56,1 млн. тоннагача, қайта ишлаш ҳажмлари 51,2 млн. тоннагача камайишини кўрсатган. Бунда минтақада йирик экспортёр давлат ҳисобланган Россия Федерациясида кунгабоқар етиштириш прогнози 2019-2020 йилги мавсумдаги 15,3 миллион тоннадан 2020-2021 йилги мавсумда 13,5 миллион тоннагача камайтирилган. Натижада жорий йилда республикага кунгабоқар импорти ҳажми кескин қисқарган.

Ўтган йилларда республикага кунгабоқар донининг импорти ортиб борган бўлса, 2020 йилда импорт ҳажмининг пасайиши кутилмоқда.

Юқоридаги каби ҳолатлар хорижий давлатларнинг соя, кунгабоқар каби мойли хомашё экспортига таъсири маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари таннархининг ошиши, ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини камайишига ва нарх борасида рақобатлаша олмаслигига сабаб бўлади.

Шу билан бирга, мажлисда соҳада соғлом рақобатнинг таъминланиши ва ички бозорни ёғ-мой маҳсулотлари билан тўйинтириш бўйича бир қатор масалалар ечими таъминланиши зарурлиги таъкидланди. Хусусан, мойли хомашё базасининг чегараланганлиги оқибатида сўнгги уч йилда ёғ-мой корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 50 фоиздан ошмаган.

Сўнгги йилларда маҳаллий хомашё ресурслари қисқариб бориши натижасида ўсимлик мойининг ишлаб чиқарилиши 2018 йилда 197 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2019 йилда 15 фоиз камайган.

Қолаверса, мувофиқлик сертификати расмийлаштириш мақсадида биржа савдоларида қатнашиб 5 тоннагача техник чигит харид қилиши мумкин бўлган корхоналарга ҳеч қандай талаб ўрнатилмаганлиги натижасида стандарт технологик жараёнларнинг бузилиши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатининг пасайишига йўл қўйилмоқда. Ўсимлик мойининг чакана нархи бугунги кунда сезиларли даражада, яъни 22-30 фоизгача қимматлашган.

Ёғ-мой корхоналарида ем маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш имконияти бўлган ҳолда, ем маҳсулотлари (шрот ва шелухани) қисқа циклда қайта ишланиши билан чегараланган. Ҳолбуки бу маҳсулотларни чуқур қайта ишлаб чорвачилик, балиқчилик, қуёнчилик ва паррандачилик учун зарур бўлган импорт ўрнини босувчи экструдерланган омихта ем маҳсулотларини ишлаб чиқаришга эришиш мумкин.

Мажлисда “Ўзчармсаноат” уюшмаси томонидан ҳам “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг ижро этилиши кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, ушбу уюшмага 550 га яқин ишлаб чиқарувчи корхоналар аъзо бўлиб, улардан 50 таси чармни қайта ишловчи, 9 таси қоракўлчилик, 35 таси чарм-атторлик ҳамда 302 таси пойабзал ишлаб чиқарувчилардир.

Соҳа корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида 2020 йилда 28 та лойиҳа бўйича 101,2 миллион долларлик қийматдаги инвестицияларнинг ўзлаштирилиши, 2020-2022 йилларда умумий қиймати 421 миллион долларлик 248 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, мажлисда тизимда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи муаммоларни бартараф этиш мақсадида бир қатор амалга оширилиши талаб этиладиган ишларга урғу берилди.

Хусусан, тери хомашёсини қайта ишлаш бўйича маҳаллий корхоналар қувватидан тўлиқ фойдаланишни йўлга қўйиш ва қўшни давлатларда етиштириладиган йирик ва майда шохли моллар терисини қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ишларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, республика божхона чегараси орқали чарм ва мўйна хомашёсини олиб чиқишни мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш, чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида масъул идораларга кўрсатмалар берилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.