Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Раҳбарларнинг ноқонуний ҳаракатидан ходимлар жабр кўради
10:57 / 2020-07-26

Энг қизиғи, иш ўрни қисқарди деб битта ходимни бўшатгану, бошқа фуқарони айнан унинг ўрнига ишга қабул қилган.


Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги мактабгача таълим ташкилотларининг бирида ҳамшира бўлиб ишлаган Д.К. ва тарбиячи ёрдамчиси Ю.Х.лар ишдан ноқонуний бўшатилганидан норозилигини билдириб, ишга тикланишга амалий ёрдам сўраб адлия бўлимига мурожаат қилди.

Туман адлия бўлимининг масъул ходими Салтанат Раимбекова таъкидлаганидек, мурожаатни ўрганиш давомида ҳамшира Д.К. билан тузилган меҳнат шартномаси Мактабгача таълим ташкилотининг 128-сонли буйруғи билан, тарбиячи ёрдамчиси Ю.Х. билан тузилган меҳнат шартномаси эса 129-сонли буйруқ билан иш ўрни қисқарганлиги сабабли бекор қилинганлиги, лекин ушбу буйруқларда иш ўрни қисқарганлиги тўғрисида ҳеч қандай асос кўрсатилмаганлиги аниқланди.

Энг қизиғи, иш ўрни қисқарди деб битта ходимни бўшатгану, бошқа фуқарони айнан унинг ўрнига ишга қабул қилган. Шунингдек, иш берувчи ишдан бўшатилган ходимларни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ билан таништирмаган, меҳнат дафтарчасини бермаган. Ходимлар эса ўзларининг ишдан бўшатилганлигини орадан 10 кун ўтиб билган ва шу оралиқда Мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ўзига жиноят иши қўзғатилганлиги сабабли суднинг ажрими асосида лавозимидан четлатилган. Раҳбар меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилмаган ҳолда, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111 моддасида меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим деб кўрсатилган.

Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан фуқаролар Д.К. ва Ю.Х.ларнинг манфаати бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга даъво киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига асосан Мактабгача таълим ташкилотининг 128-129-сонли буйруқлари бекор қилинди. Натижада, фуқаролар ўз ишига тикланди ва мажбурий прогул кунлари учун иккаласига 3 миллион 872,7 минг сўм ҳақ ундириб берилди.

–Беруний туман адлия бўлимига жорий йил олти ой давомида жисмоний ва юридик шахслардан 83 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 53 таси қаноатлантирилди, –дейди Салтанат Раимбекова. – Улар орасида хотин-қизларнинг қонун билан мустаҳкамланган меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учраётгани ачинарлидир.

Жумладан, фуқаро И.Д. туман адлия бўлимига мурожаатида бола парвариши таътили тугагандан сўнг иш берувчи томонидан турли баҳоналар билан ишга тушишга рухсат берилмаётганлигидан норозилигини билдирган. У ўзининг II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс эканлигига, оиласида моддий қийинчилик мавжудлигига қарамасдан, иш берувчи ҳозирда бўш ўрин йўқлиги сабабли сентябрь ойи келишини кутишини, кейин сайлов ўтишини, янги йилдан ишга туширишини, ана ундан кейин эса бошқа жойдан иш топиб беришини баҳона қилиб, салкам бир йил овора-сарсон қилиб келган.

Мазкур мурожаат ўрганиб чиқилганда, ҳақиқатан фуқаро И.Д. 2017 йил 6 июлдан бошлаб икки йил муддатга бола парвариши таътили олганлиги, 2019 йил май ойида иш берувчига ишга тушишга рухсат беришни сўраб мурожаат қилганлиги, лекин иш берувчининг кўрсатмасига кўра бир йил ўз ҳисобидан иш ҳақи сақланмайдиган таътил олганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг бир неча маротаба иш берувчига оғзаки ва ёзма мурожаат қилганлиги, лекин унинг мурожаатлари қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги ҳамда фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланмасдан келинганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасида аёл ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар ўз хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ишлашлари мумкин. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади, деб белгиланган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, туман адлия бўлими томонидан тегишли ташкилотга тақдимнома киритилиши натижасида фуқаро И.Д. ишга тикланди ҳамда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига берилган маъмурий таклифга кўра иш берувчи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жаримага тортилди. Шу тариқа, раҳбарнинг тугамас баҳоналари ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлган. Аммо, адлия бўлими аралашуви билан келгуси баҳоналарга чек қўйилиб, фуқаронинг ҳуқуқи таъминланди.