Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Раҳбарлар ишдан кетди, хонадонлар табиий газдан узилди
19:22 / 2020-02-07

Унда таъкидланишича, ушбу кўчаларда яшовчи фуқаролар бир неча йил илгари табиий газдан фойдаланиб келган.

Бир мурожаат изидан 

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Оммоғон маҳалласи Боғи баҳор кўчаси, Тутзор маҳалласи Тараққиёт кўчасидаги бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Унда таъкидланишича, ушбу кўчаларда яшовчи фуқаролар бир неча йил илгари табиий газдан фойдаланиб келган. 2014 йилда шаҳарни қайта қуриш бошланганда вақтинчалик табиий газ тармоқдан узилиб, суюлтирилган газга ўтказилган. Шундан сўнг маҳалла аҳолиси 2018 йилнинг 1 ноябрь куни Шаҳрисабз шаҳар газ филиалига табиий газни улаб беришни сўраб ташкилот раҳбари Юсуф Эргашевга ариза билан мурожаат қилган. Талаб қилинган ҳужжатларни топширган. Шу билан бирга Шаҳрисабз шаҳар ҳокимиятига ҳам ариза берилган.

2018 йил 3 декабрда шаҳар ҳокимининг фармойиши билан шаҳар газ филиали ходимлари ушбу маҳаллаларга хонадонма хонадон кириб, газ ҳисоблагичларни назоратдан ўтказган ва эскилари янгисига алмаштирилган. Кўчалардаги эски қувурлар аҳолининг ўз маблағи ҳисобига янгиланган. 2019 йилнинг 7 февраль куни мазкур кўчалардаги хонадонлар табиий газ тармоғига уланган. Ёқилган газ учун тўловлар аҳоли томонидан ортиғи билан тўлаб келинган.

Аммо 2019 йилнинг 1 апрель куни ҳеч кимни огоҳлантирмасдан тармоқдан узиб ташланган. Аҳолининг ушбу ҳолат сабабини сўраб шаҳар газ филиалига қилган мурожаатига олдинги раҳбар Юсуф Эргашев ишдан олингани важ қилиб кўрсатилган. Тайинланган янги раҳбар Хондамир Ҳомидов “мен билмайман, ўрганиб чиқишим керак”, дея жавоб берган.

Шу-шу аҳоли идорама-идора сарсон, овора. Мурожаат қилмаган ташкилот қолмаган. Лекин ҳамон ҳеч қандай ўзгариш йўқ.

Хўш, нега бу тушунмовчиликлар юзага келмоқда? Аслида суюлтирилган газга ўтказилган ҳудудни шаҳар газ идорасининг олдинги раҳбарлари нега табиий газга улаган? Улар ишдан олингач нега яна узиб ташланган? 

Шу каби бир-биридан тушунарсиз саволлар билан юқорида келтирилган маҳаллага бордик. У ерга шаҳар газ идораси вакилларини ҳам чақиртириб аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказилди. Аҳоли аризада келтирилган мулоҳазаларни яна такрорлади.

– Оммағон маҳалласи фуқароларининг табиий газ тармоғига уланиши бўйича қилган мурожаатлари соҳа мутахассислари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда бир неча бор ўрганилган, – дейди Шаҳрисабз шаҳаргаз филиали бошлиғи Ғанишер Тариқулов. – Жумладан, 2019 йил 7 декабрь куни “Ҳудудгаз Қашқадарё” масъулияти чекланган жамияти бош директори ўринбосари Ф.Назаров бошчилигида Оммағон МФЙ фуқаролари билан биргаликда йиғилиш ўтказиб, аҳоли хонадонлари газ таъминоти автоматлаштирилган бошқарув тизимида Л-газ дастури базасида шакллантирилганлиги, табиий газ ресурси танқислиги ва биринчи навбатда Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ таъминоти билан бир маромда таъминлаш мақсадида Оммағон МФЙ Боғибаҳор кўчаси ва Тутзор МФЙ Тараққиёт кўчасида яшовчи аҳоли хонадонларини суюлтирилган газ билан таъминлаш тушунтириб ўтилган ва суюлтирилган газ билан Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланган график асосида таъминлаб келинмоқда.

Бундан чиқди шаҳарда табиий газ етказиб бериш бўйича тақсимланган ресурс шаҳардаги кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларидан ортиб, чекка маҳаллаларга етмайди. Шу мақсадда 2014 йилда маҳалла табиий газдан узилиб, суюлтирилган газга ўтказилган. Лекин нега яна 2019 йилда қайта уланган. Энг қизиғи, ушбу масала бўйича ўша пайтдаги шаҳар ҳокими Исмат Нусуровнинг 2018 йил 3 декабрда “Шаҳрисабз шаҳар “Оммағон” МФЙ ҳамда “Тутзор” МФЙларида яшовчи аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминлаш” тўғрисидаги 192-Ф-сонли фармойиши қабул қилинган. Фармойишга Президентимизнинг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017-2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Шаҳрисабз туманлараро газ участкаси бошлиғининг хати асос қилиб олинган.

Бугун юзага келаётган барча чалкашлик мана шу ҳужжатларнинг узоқни ўйламасдан қабул қилингани учун келиб чиқмоқда. Шаҳар ҳокими ва шаҳар газ идорасининг раҳбарлари алмашгандан сўнг эса фармойиш ва ушбу маҳаллаларнинг табиий газга улангани ҳам нотўғри қилингани кўриниб қолмоқда. Бу англашилмовчилик оқибатида юқоридаги маҳаллалар аҳолиси ўз ҳисобидан труба қувурлар тортиб, газ ҳисоблагичлар ўрнатиб ва яна ким билсин “қанақа” харажатлар қилиб, бор йўғи икки ойгина табиий газ ёққан. Хуллас аҳоли боплаб алданган. Газ идораларининг тақдим этган маълумотларига кўра, аслида ўша пайтда ҳам аҳолини табиий газга ўтказишнинг имкони бўлмаган. Энди ўша пайтдаги раҳбарлар йўқ. Берилган ваъдалар ҳам йўқ.

Аммо масаланинг яна бир жиҳати борки, Оммағон ҳамда Тутзор маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли хонадонларини табиий газдан узиш учун ноўрин бўлсада, қабул қилинган собиқ шаҳар ҳокимининг фармойиши бекор қилиниши керакмасми? Вилоят ёки шаҳар газ идораларининг шаҳар ҳокими фармойишини бекор қилишга ёки фармойиш бекор қилинмасдан газни узиб ташлашга ваколатлари бормикан?

Умуман олганда жавобини кутаётган саволлар кўп. Юртимизда қонун устуворлиги таъминланган. “Ундай қилиш керак”, “бундай қилиш керак”, деган ҳавойи гаплар билан бирор натижага эришиб бўлмайди. Ҳар қандай масаланинг ҳам қонуний ечими бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан ушбу муаммога ҳам тез кунларда соҳага алоқадор ташкилотлар мутасаддилари томонидан қонуний ечим топилади. Йўл қўйилган хатолар тузатилади. Ҳар ҳолда шунга умид қиламиз.