Раҳбарлар фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш (KPI) тизими амалиётда
Барчамизга маълумки, куни кеча республикамизнинг бир қатор туман(шаҳар) ҳокимликларига, шу жумладан, Андижон вилоятининг Асака, Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларига ҳам янги ҳокимлар тайинланди.
Барчамизга маълумки, куни кеча республикамизнинг бир қатор туман(шаҳар) ҳокимликларига, шу жумладан, Андижон вилоятининг Асака, Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларига ҳам янги ҳокимлар тайинланди.
Бугунги кунда юртимизда маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини замон талабига мос равишда йўлга қўйиш, уларни билимли ва энг муносиб кадрлар билан таъминлаш, иш самарадорлигини ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан янги механизм, иш услублари эксперимент тариқасида амалиётга жорий этилмоқда.
Жумладан, республикамизнинг 11 та туман ва шаҳарлари ҳокимликларида ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш (KPI) тизими амалиётда синовдан ўтказилмоқда. Бу борада агентликнинг Давлат хизматчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва баҳолаш департаменти ходимлари томонидан барча туман, шаҳар ҳокимликларидаги вазиятлар ўрганиб чиқилиб, мавжуд шарт-шароитлар инобатга олинган ҳолда ҳар бир ҳоким ўринбосарларига йўналишидан келиб чиқиб, улар фаолиятини холисона баҳолашга хизмат қилувчи кўртсаткич индикаторлари ишлаб чиқилмоқда.
Жорий йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти Андижон вилоятида бўлиб, агентликнинг вилоят филиали фаолияти билан танишиб, Давлат бошқаруви академиясининг битирувчилари билан учрашув ўтказди ҳамда айнан KPI тизими эксперимент тариқасида синовдан ўтказилаётган Хонабод шаҳри ва Бўстон тумани ҳокимларидаги ҳолат, амалга оширилган ишлар, ўтган вақт давомида қўлга киритилган натижалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз тарихида илк бор туман(шаҳар) ҳокимликларида мавжуд вакансияларни энг муносиб ва малакали кадрлар билан тўлдирилиш мақсадида агентлик ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳамкорлигида очиқ мустақил танловлар эълон қилинмоқда. Айни вақтларда ана шундай танлов эълон қилган туман(шаҳар)лар сони 14 тани ташкил этмоқда.
Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси кутилгандек бўлмаётган туманларда семинар-тренинглар, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш ҳамда уларга муносиб ечим топиш мақсадида жойларда учрашувлар ўтказилмоқда.
Ана шундай учрашувлар куни кеча Асака тумани ҳокимлигида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, барча сектор раҳбарлари ҳамда тумандаги бир қатор раҳбар кадрлар иштирок этди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ходимлари иштирокида бўлиб ўтган мазкур учрашувларда ҳар бир сектор фаолияти самарадорлиги йўналишлар кесимида ўрганилиб, таҳлил қилинди ва мавжуд муаммоларга ечим бўлувчи “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
Д.ОТАБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
етакчи инспектори