Партия сайловолди дастурида “Янги Ўзбекистон: “рақамли” ва ахборот жамиятига эга мамлакат”, ғояси илгари сурилиб, ушбу йўналишда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилган эди.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда айни шу мавзуда Республика ёшлар конференцияси ўтказилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти” томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли ташкилот масъуллари, фаол ёшлар ҳамда партия “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этди.
Партия сайловолди дастурида “Янги Ўзбекистон: “рақамли” ва ахборот жамиятига эга мамлакат”, ғояси илгари сурилиб, ушбу йўналишда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилган эди.
Қайд этилишича, партия “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини жорий этиш, “ақлли”, “хавфсиз” шаҳар, “интернет буюмлар” технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, ушбу асосда мамлакат ЯИМнинг 30 фоизга ўсиши ҳамда “рақамли иқтисодиётга тайёрлик” ва “АКТ ривожланиши” халқаро индекслари бўйича илғор давлатлар қаторига киришни таъминлашни устувор вазифа, деб билади.
Вилоят ва шаҳарларда рақамли кўникмалар даражасидаги бўшлиқни бартараф этиш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида ихтисослаштирилган ўқув марказлари ташкил этиш, вертикал бошқарув ўқув модели тизимини туман ва шаҳарлар даражаларида (IT-парк филиали-ўқув маркази-мактаб) жорий этиш, аҳоли ўртасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, мактабгача, ўрта ва олий таълим тизими учун электрон таълим ресурсларини янада такомиллаштириш, шунингдек, ички ва жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланишни таъминлаш масалалари ҳам энг устувор вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда.
Конференцияда мавзуга оид маърузалар, ёшларнинг бу борадаги таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди.
Тадбир доирасида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда фрилансерлик орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, «IT-PARK»лар фаолиятини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш, ахборот технологиялари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, рақамли таълим истиқболлари каби йўналишларда муҳокамалар олиб борди. Билдирилган таклифлар асосида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.