Рақамлаштириш – одил судлов самарадорлиги воситаси
Албатта, бугунги кунда ҳар бир инсон ёки тадбиркор учун энг қимматли жиҳатлардан бири – вақтдир.
Таъкидлаш ўринлики, давлатимизнинг очиқлик сиёсати натижасида инвесторларнинг юртимизга бўлган ишончи ортмоқда ва мустаҳкамланмоқда.
Тадбиркорларимиз эса имкон қадар ўз маҳсулотларини чет элларга экспорт қилиш баробарида тадбиркорлар ўртасида турли кўринишдаги муносабатлар ўрнатилмоқда. Мазкур жараёнда эса айрим ҳолларда фуқаролик, оммавий ва бошқа ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасида низолар келиб чиқиб, мазкур низоларни суд йўли билан ҳал этиш ва судга мурожаат қилиш зарурати пайдо бўлмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур низоларни ҳал қилиш мақсадида даъво аризалари билан судга мурожаат қилиш кўрсаткичлари ортиб боряпти.
Албатта, бугунги кунда ҳар бир инсон ёки тадбиркор учун энг қимматли жиҳатлардан бири – вақтдир. Айни шу боисдан ҳам шахсларнинг турли сабаблар билан судда кўпроқ вақт давомида кутиб қолиши уларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, низоларни ҳал қилиш юзасидан судларга мурожаат қилиш кўрсаткичларининг кўпайиши судларда иш ҳажмининг ортиши ўз навбатида ишларни кўриб чиқиш муддатлари ва вақтини чўзилишига олиб келади.
Шундай экан, бугунги кунда судда иш юритишнинг асосий мақсади ҳам судга мурожаат қилган ҳар бир шахснинг қимматли вақтини олмасликка қаратилган.
Мазкур мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ–3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференс-алоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш тизимлари жорий этилганлиги ҳам алоҳида аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, айни вақтда замонавий ахборот технологиялари ҳамда рақамлаштиришдан кенг фойдаланган ҳолда судда иш юритишни янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини ошириш зарурати юзага келмоқда.
Бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилаётганлиги боис судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинганлиги жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу Қарор билан 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш имкониятларини берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда қонун устуворлигини ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ўта муҳим вазифа – одил судловни Конституция ва қонунларимиз ҳамда адолат тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш юклатилади.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.
Шерзод ҒОФУРОВ,
Кармана туманлараро
иқтисодий суди судьяси