French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Қуёшим – энам” – оналарга аталган мадҳия
16:32 / 2022-06-17

Атоқли ижодкор Гулжаҳон Мардонова ғоят самимий, жайдари, халқона оҳангда фаолият олиб борувчи қаламкашдир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур ижодий ташкилот аъзоси Гулжаҳон Мардонованинг “Қуёшим – энам” номли насрий китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, таниқли журналистлар Насиба Иброҳимова, Қутлибека Раҳимбоева, Муҳтарама Улуғова ва бошқалар ижодкорнинг халқ олдидаги хизмати одамларга берадиган меҳри билан ўлчанишини таъкидлади. 

Маълумки, адабиётда она образи азал-азалдан турли тилларда, ёрқин бўёқларда ифода этилган. Улар ғоят бетакрор, ўзига хослиги билан аҳамиятлидир. Ҳайратланарли жиҳати, дунё оналари образи бир-бирини тўлдиради, бойитади. 

Гулжаҳон Мардонованинг “Қуёшим – энам” китобида она образи яна бир карра янги талқинда намоён бўлади. Тадбирда мазкур китобнинг аҳамиятли жиҳати хусусида батафсил сўзланди. 

Айтиш жоизки, муаллиф ушбу повестида она образини яратишда мутлақо янги йўлдан боради. Она ўзининг руҳий ва маънавий олами, иродаси, сабри, бардоши, қаноати, керакли ўринларда ўзбекона хайрли тадбирлари билан миллат тарбиячисига айланади. Асарни ўқиган китобхон миллат “харитаси” бўйлаб саёҳат қилади. Асар кенг китобхонлар аудиторияси ва адабиёт ихлосмандларига мўлжалланган. 

Тадбирда ушбу асарда юксак инсоний ҳислар билан соғинч туйғулари уйғун келади, деб таъкидланди. Ота, она, ака-ука, қариндошларнинг гўзал инсоний фазилатлари, жасорати, шижоати битилган саҳифаларни ўқувчи энтикиб ўқиши табиий. Асарда халқ ичида юрган оғзаки ижоднинг турфа кўринишлари – маросим қўшиқлари, эртак, ривоят, мақоллар ҳам бевосита она образи орқали тақдим этилади. 

– Одатда мен муаллифлар берган китобларни иккиланиб қўлга оламан, – деди уюшма аъзоси, адабиётшунос олим Баҳодир Каримов. – Гулжаҳон Мардонова китобининг қўлёзмаси иш столимда кўп вақт навбат кутиб турди. Унда не сир-синоат борлиги, тўғриси менга қоронғи эди. Бир куни имкон топиб, китобни хотиржам қўлга олдим. Икки ўқишда завқланиб ўқидим. Ҳикматлари, ҳаяжонлари ҳам, айтимлари, ҳикояту ривоятлари, тасвир ва талқинлари ҳам менга маъқул келди. 

Повестдаги воқеа-ҳодисалар асосан онанинг ҳаёти – кундалик турмуш ташвишлари, фарзанд тарбияси, турмуш ўртоғини қадрлаш, қариндош-уруғлар ва қўни-қўшниларга муносабати асосида изчил ва мантиқий очиб берилган. 

Асарнинг “Қўрғоним отам”, “Кўпкари воқеаси”, “Санъат саодати” бўлимларида отанинг, “Бадахшонлик профессор” бўлимида аканинг, баъзи бўлимларда оила аъзоларининг қандай инсон экани ҳаётий воқеаларда акс этган бўлсада, оиладаги аҳиллик, тотувлик, меҳрибонлик, оқибатлиликнинг шаклланишида онанинг фазилатлари – меҳнаткашлик, фаросатлилик, сабр-бардошлилик муҳим ўрин тутиши ўз ифодасини топган. 

Тақдимотда профессор Нишонбой Ҳусанов асар ҳақида гапирар экан, китоб қаҳрамони сифатида энаси Хадича онахон ҳаётини сўзлашини алоҳида қайд этди. Асарда она образи чексиз меҳр ва муҳаббат, теран маҳорат билан тасвирланган. Бу китоб ҳар бир ўқувчида катта таассурот қолдириши шубҳасиз. 

Китоб “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририятида 1000 тиражда нашрдан чиққан. 

Ҳадисда “Жаннат оналар оёғи остидадир”, дейилган. Гулжаҳон Мардонованинг “Қуёшим – энам” китобини ўқир эканмиз, ҳадисларнинг нақадар пурмаъно ва ҳаққонийлигига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз. Тақдимотда сўзга чиққанлар асарнинг айни жиҳатларига асосий эътибор қаратди. 

Айтиш жоизки, Гулжаҳон Мардонованинг “Нур тўла уй”, “Хушрўйлик сирлари”, “Алла айтай, жоним болам”, “Фарзандингизга ўйинлар”, “Ори қўшиқ бўлган юрт”, “Оилада фарзандларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш”, “Миллий маънавий қалриятлар ва комил инсон тарбияси”, “Истиқлолдан яшнаётган юрт”, “Онам айтган аллалар”, “Ўзбек халқ қўшиқлари”, “Эртага қуёш чиқади” каби китоблари нашр этилган.  

Тадбирда иштирокчиларга китоб туҳфа этилди.   

Н.Усмонова,  ЎзА