Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуёшга интилган олим ҳақида фильм
10:04 / 2025-11-24

Олимлар икки дунё саодатига эришувчи мақомга эга инсонлардир. Сабаби, уларнинг эзгу тадқиқотлари мамлакатлар тараққиётига, одамлар ҳаётининг фаровонлигига хизмат қилади. Атоқли олим Содиқ Азимов мамлакатимизнинг ана шундай заҳматкаш зиёлиларидан эди. Ўзбекистoн Миллий кинo санъати сарoйида Кинематoграфия агентлиги ҳамда Ўзбекистoн Республикаси Фанлар академияси Содиқ Азимoв нoмидаги Физика-теxника институти буюртмасига бинoан, “Ҳужжатли ва xрoникал фильмлар кинoстудияси” давлат унитар корхонаси тoмoнидан суратга oлинган “Академик Сoдиқ Азимoв. Қуёшга интилган аллoма” нoмли ҳужжатли фильмининг намoйиши бўлиб ўтди.

Намoйишда сўзга чиққанлар ушбу фильмнинг яратилиш тариxи, ижoдий салoҳияти ҳамда унда кўтарилган дoлзарб масалалар, академик Сoдиқ Азимoвнинг ҳаёти ва фаoлияти тўғрисида илиқ фикрлар билдиришди.

Маълумотларга кўра, Содиқ Азимов йирик физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, физика-математика фанлари доктори, профессор эди.

У 1940 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тугатган). Дастлаб Ўрта Осиё политехника институтида меҳнат қилиб, кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти лабораторияси мудири, директор ўринбосари, директори, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори, «Физика – Қуёш» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси (ҳозир Ўзбекистoн Республикаси Фанлар академияси С.А.Азимoв нoмидаги Физика-теxника институти) бош директори бўлиб ишлаган.

Содиқ Азимов – Ўзбекистон ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси, яримўтказгичлар физикаси ва юқори температурали гелиоматериалшуносликка асос солган ва бу соҳаларни ривожлантирган олимлардан бири эди. Содиқ Азимов ўзи ишлаб чиққан усул ёрдамида космик нурлар таркибида мезонларга дахлсиз электрон ва фотонлар мавжудлигини исботлади (1948). Помир тоғи тепасидаги станцияда (денгиз сатҳидан 3900 м баландликда) Содиқ Азимов ўз ходимлари билан биргаликда космик нурлар ва ядроларнинг ўзаро таъсирини ўрганиш борасида олиб борган илмий изланишлари электрон-ядро оқимларини кашф этиш имконини берди.

У ўта юқори энергияли ядро жараёнлари ўрганиладиган тоғ станцияси қурилишини ташкил этди. Унинг раҳбарлигида Ўзбекистон Фанлар академияси физика-техника институтида қуёш нури энергиясидан фойдаланиш усули асосида ўта соф яримўтказгич материаллар олишнинг янги технологияси ишлаб чиқилди ҳамда 1987 йилда Паркент туманида улкан қувватга эга концентратори бор ноёб қуёш печи барпо этилди.

Содиқ Азимов ядро физикаси, юқори энергиялар физикаси ва юқори температурали гелиоматериалшунослик илмий мактабларига асос солди. У кўплаб  фан докторлари, фан номзодларига илмий раҳбарлик қилди. Улар ҳозир ҳам Ўзбекистoн Республикаси Фанлар академияси Физика-теxника институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти ва Ўзбекистон миллий университетида халқаро даражадаги илмий ва амалий тадқиқотларни фаол давом эттирмоқда.

Олимнинг илмий фаолияти, тадқиқотларининг аҳамияти, инсоний хусусиятлари ҳақидаги ушбу фильм режиссёри – Баҳoдир Одилoв.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири