Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуёшдан келаётган фойда
14:18 / 2026-01-29

Бухоро вилояти Олот туманида электр энергияси истеъмолини қисқартириш, муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш орқали аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжини қоплаш, шу билан бирга, иқтисодий фойда олиш имкониятлари кенгайиб бормоқда.

Айниқса, давлат томонидан амалга оширилаётган “Яшил кредит” лойиҳаси доирасида қуёш панелларининг аҳоли хонадонларига ўрнатилиши ушбу саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини янада оширди. Мазкур лойиҳа нафақат электр энергиясига бўлган қарамликни камайтириш, балки аҳоли даромадини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, Олот туманининг “Соинқоровул” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бобоназар Қуллиев ўз хонадонига қуввати 50 киловатт бўлган замонавий қуёш панелларини ўрнатиб, маҳалладошлари учун намуна кўрсатмоқда.

– Қуёш панеллари ўрнатилгандан сўнг хонадонимизда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Айни пайтда маҳалламизда ҳам ушбу тизимга қизиқиш ортиб, уни ўрнатганлар сони кўпайди. Энг муҳими, узлуксиз электр таъминотига эга бўлиш билан бирга, энергия тежашга ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Шунингдек, ер-мулк солиғи бўйича белгиланган имтиёзлардан фойдаланиб, кунига ўртача 350–400 минг сўм атрофида қўшимча даромад олаётганимиз оиламиз учун катта манфаат келтирмоқда, – дейди Бобоназар Қуллиев.

Мутахассислар томонидан олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, мазкур хонадон ўз эҳтиёжидан ортиқ электр энергиясини ягона электр тармоғига сотмоқда. Натижада, хонадон эгаси ҳар ойда 10 миллион сўмдан зиёд қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса қуёш энергетикасининг иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали эканини яққол кўрсатади.

Бугунги кунда туманда қуёш панелларини ўрнатиш ишлари изчил давом этмоқда. Аҳолининг муқобил энергия манбаларига бўлган қизиқиши ошиб бораётгани эса амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасидир. Қулай, тежамкор, экологик тоза ва узоқ муддатли фойда келтирадиган ушбу технологиялар келгусида энергия мустақиллигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.