Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 2026 йил бошидан буён Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 1 миллиард кВт⋅соатга етган.
Ҳозирги кунда юртимизда умумий қуввати 5 582 мегаватт бўлган 15 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 5 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги қуёш станциялари томонидан 434 миллион кВт⋅соат энергия ишлаб чиқарилган, 2023 йилда эса бу кўрсаткич 576,9 миллион кВт⋅соатга етган.
2024 йилда 9 та қуёш ва 1 та шамол станциялари томонидан ишлаб чиқарилган жами энергия ҳажми 4,86 миллиард кВт·соат бўлган, 2025 йилда эса барча қуёш ва шамол станциялари 10,5 миллиард кВт⋅соат энергия ишлаб чиқарди.
2026 йил бошидан 13 февралга қадар қуёш станциялари 396 миллион кВт⋅соат, шамол станциялари эса 604 миллион кВт⋅соат энергия ишлаб чиқарди. Жами ҳажм 1 миллиард кВт⋅соатни ташкил қилди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга кўпдир.
Бунинг натижасида 267 миллион метр куб табиий газ тежалди ва атмосферага чиқадиган 575 минг тоннадан ортиқ зарарли моддаларнинг олди олинди.
Шунингдек, 2026 йил бошидан барча гидроэлектр, қуёш ва шамол станциялари томонидан 1,57 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Натижада 400 миллион метр куб табиий газ тежалди ва атмосферага чиқадиган 863 минг тоннадан ортиқ зарарли моддаларнинг олди олинди.
Маълумот ўрнида, шу ҳажмдаги энергия 5 миллион хонадоннинг 1,5 ойлик ёки 625 минг хонадоннинг бир йиллик электр истеъмолига тенгдир.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА