Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Қ. ҳамда “М.С.Е” масъулияти чекланган жамияти томонидан тузилган шартнома асосида ўрнатиб берилган 9 миллион сўмлик қуёш панеллари носозлиги туфайли таъмирлаб берилди.
Қуёш панелларини ўрнатаётган ходимлар уларнинг биттасини синдириб қўйишади. Ушбу панель ўрнига янгиси ўрнатилгач, умумий қуёш панелларида носозлик юзага келиб, тизим ишламай қолган. “М.С.Е” масъулияти чекланган жамияти томонидан эса ўз вақтида сервис хизмати кўрсатилмай, иш пайсалга солинади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “1091” ишонч телефонига мурожаат қилган. Мурожаат белгиланган тартибда Нукус шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг мутахассислари томонидан ўрганилди.
Ўтказилган саъй-ҳаракатлар натижасида истеъмолчининг талаби инобатга олиниб, “М.С.Е” масъулияти чекланган жамияти томонидан панеллар таъмирлаб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири