Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуёш панеллари – тежамкор энергия манбаси
11:51 / 2023-09-12

Энергия тақчиллигининг олдини олиш ҳамда аҳолини, ишлаб чиқариш ва саноат объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида бугун юртимизда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилган.

“Қуёш панеллари” ёки “фотоэлектр манбалари” дея охирги пайтларда кўп қўлланилаётган иборалар қуёш нурларини электр энергиясига айлантириб, электр станциялардаги энергиянинг тежалишига ва сифатли электр энергия ишлаб чиқарилишига замин яратмоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг “2023 йилда  қайта  тикланувчи   энергия   манбаларини   ва    энергия   тежовчи   технологияларни   жорий   этишни  жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб жами 7 минг 107 та объектда қуввати 33 минг 818 квт/с га тенг бўлган қуёш панели ўрнатилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг дастлабки 8 ойи натижаларига кўра, белгиланган режа қарийб 35 фоизга бажарилиб, 13 минг 720 квт энергиянинг қуёш панели ҳисобидан ишлаб чиқарилишига эришилди.  

Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар божхона органлари томонидан кунлик мониторинг қилиниб, ўрнатилган қуёш панеллари ҳақидаги маълумотлар Божхона қўмитасининг “Yashil energiya” платформасига киритиб борилиши таъминланмоқда.  

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида Объектларда қуёш панелларининг ўрнатилиш ишларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ аъзолари Нукус шаҳридаги олий ўқув юртлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларига  ўрнатилган муқобил энергия манбаларини жойига чиққан ҳолда ўрганди.  

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети қошидаги Нукус кончилик институтига 95 квт/соат қувватга эга қуёш панели ўрнатилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда режа тўлиқ бажарилган.  

Ҳисоб-китобларга  кўра, институтга  ўрнатилган қуёш  панеллари  электр  энергиясига  сарфланадиган  йиллик харажатнинг 30 фоизини иқтисод қилиши мўлжалланмоқда. Шунингдек, олий ўқув юрти эҳтиёжидан ортиқ ишлаб чиқарилган электр энергиясининг “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига ўтказилиши ҳам йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда қуёш панеллари ушбу ташкилот учун нафақат электр энергияси, балки қўшимча даромад манбаига ҳам айланмоқда.  

Нукус шаҳридаги давлат хусусий шериклиги асосида ташкиллаштирилган “Арал” мактабгача таълим ташкилоти ҳам электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қуёш нурларидан олишни мўлжалламоқда. Ташкилотга 10 квт/с қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш белгиланган бўлсада, электр энергиясига кетадиган сарф-харажатларни максимал даражада тежаш мақсадида ушбу ижтимоий соҳа объекти яқиндагина соатига 30 квт электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватига эга қуёш панелларини ўрнатиш ишларини якунлади. Йиллик эҳтиёжи 30 Мвтни ташкил қилувчи ушбу ташкилотнинг харажатлари эндиликда қайта тикланувчи электр манбалари ҳисобига 30-40 фоизга камаядиган бўлди.  

Муқобил энергия манбаларини жорий этиш бўйича хориж тажрибалари асосида  мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар электр энергиясига нисбатан тобора ортиб бораётган эҳтиёжни қаноатлантириб, энергия тақчиллигининг олдини олишга хизмат қилади.    

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири