Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуёш энергиясига йўл очган ташаббус
17:47 / 2025-12-01

Президентимизнинг 2023 йил февралдаги Жиззах вилоятига ташрифидан сўнг воҳа ҳаётида янги руҳ, янги масъулият, янги интилиш пайдо бўлди.

Давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари, олимлар, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар ва ёшлар билан учрашуви давомида Жиззах политехника институтига кремний асосидаги қуёш панелларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш вазифасини топширганида, бу ташаббус нафақат бир институтнинг, балки бутун минтақанинг илмий ва технологик ривожига кучли туртки бўлиши аниқ эди.

Топшириқ ортидан институт жамоаси жиддий ҳаракатга тушди: Хитойдан махсус ускуналар келтирилди, инфратузилма тўлиқ янгиланди ва шундай қилиб “Муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази” ўз фаолиятини бошлади. Ташқаридан қараганда оддий лабораториядек кўринса-да, бу масканда эзгу фикрлар, илмий жасорат ва амалий тажрибалар бир нуқтада тўпланмоқда.

Қуёш панеллари йиғиш линияси учун замонавий енгил конструкцияли бино қурилиб, Божхона қўмитасидан ажратилган 5 миллиард сўмлик маблағ эвазига ускуналар, фотоэлементлар, махсус плёнка ва пластик ойна каби материаллар харид қилинди. Барча жиҳозлар ўз вақтида ўрнатилиб, мутахассислар ўқитилди. Шунинг эвазига марказ ўзининг илк тажриба намуналарини тайёрлади ва улар муваффақиятли тестдан ўтди.

Бугун марказ имкониятлари катта: бир сменада 100 дона, ойига 2000 дона қуёш панели ишлаб чиқариш қуввати мавжуд. Профессор-ўқитувчилар эса маҳсулот таннархини пасайтириш мақсадида хомашёни маҳаллийлаштириш бўйича илмий изланишлар олиб бораётганларини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Лойиҳа ёшлар учун ҳам янги имконият яратди: талабалардан ташкил этилган махсус монтаж гуруҳлари туфайли 25 та янги иш ўрни вужудга келди. Марказ томонидан ҳозиргача умумий қуввати 650 кВт бўлган 1200 дона панель ишлаб чиқарилиб, элликка яқин мижозлар билан шартнома имзоланди ва институт ҳисоб рақамига 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тушди.

Энг муҳими — марказда яратилган иссиқхоналар учун мўлжалланган гибрид қуёш қурилмаси янгилик сифатида Интеллектуал мулк агентлигига рўйхатдан ўтказиш учун расман топширилди.  

Институт халқаро ҳамкорликка ҳам фаол қадам қўймоқда. Erasmus+ доирасида амалга оширилаётган DebseUz лойиҳаси Ўзбекистонда қуёш энергетикаси бўйича замонавий бакалаврлар тайёрлаш дастурини яратишни кўзлайди. 650 минг АҚШ долларилик лойиҳада институтга 22 минг доллар грант ажратилгани — халқаро ҳамжамиятнинг ишончи ва эътиборидан далолат бериб турибди.

Бугун марказ фақат ишлаб чиқариш маскани эмас, балки инновацион фикрлар, илмий меҳнат ва амалий тажрибанинг қўшилиб янги қиймат яратадиган тажриба майдонига айланган. Профессорлар, ўқитувчилар ва талабалар бир мақсад — қайта тикланувчи энергия орқали мамлакатнинг барқарор келажагини таъминлаш йўлида ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишмоқда.

Институт ҳудудига ўрнатилган 650 кВт қувватли қуёш панеллари 2025 йил 1 августга қадар олинган натижаларга кўра, муассасанинг бутун электр эҳтиёжини тўлиқ қопламоқда.  

Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан бошланган ушбу лойиҳа бугун Жиззахда янги бир жараённи — илмнинг энергияга, энергиянинг тараққиётга айланиш жараёнини бошлаб берди. Қуёш нури бугун бу масканда фақат ёруғлик эмас — у янги ғоялар, янгиланиш ва юксалишлар манбаига айланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири