Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуёнчилик ривожга қаратилган лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда
07:56 / 2020-10-09

Юртимизда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири – қуёнчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бунинг учун тегишли дастурлар ишлаб чиқилаётгани, бир қатор чора-тадбирлар белгиланаётганини таъкидлаш жоиз. Тармоқда фаолият юритаётган тадбиркорларга қатор қулайликлар яратилаётгани эса ҳудудларда қуёнчиликнинг янада ривожланишига хизмат қилмоқда.

Ўтган йили махсус ишчи гуруҳи тузилиб, улар республикамизнинг барча ҳудудидаги тадбиркорлар, қуёнчилик хўжаликлари вакиллари билан учрашувлар ўтказган эди. Натижада жойлардаги мавжуд ҳолат ўрганиб, таҳлил қилинган.

Бундан ташқари, Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси томонидан Ўзбекистонда қуёнчиликни ривожлантириш дастури концепцияси ҳам ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2020-2024 йилларда республикамизнинг барча ҳудудида қуёнчилик кластерларини йўлга қўйиш бўйича дастур шакллантирилди.

Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги «Азизбек Асилбек Агро инвест» масъулияти чекланган жамияти мамлакатимизда яратилаётган ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланаётган тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади. Жамият томонидан жорий йилда қуёнчилик кластери корхонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Йиллик қуввати 60 минг бош қуён етиштиришни ташкил этувчи мазкур корхонада 8 киши доимий иш билан таъминланган. Асосан гўшт учун боқиладиган қуёнлар 90 кун давомида етилиб, ўртача 3-3,5 килограмм тош босмоқда.

Корхонанинг парҳезбоп маҳсулотлари талабга кўра шифохоналар, таълим муассасалари ҳамда аҳолига етказиб берилмоқда.

«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ҳам қуёнчилик соҳасининг такомиллашуви ҳамда ривожи учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йил мобайнида Бухоро вилоятида қуёнчилик соҳаси бўйича жами қиймати 23 миллиард 740 миллион сўмлик 8 та лойиҳа аниқланди. Ушбу лойиҳалар асосида ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 8 миллиард 705 миллион сўм, банк кредити ҳисобидан 15 миллиард 35 миллион сўм кредит маблағлари ажратиш кўзда тутилганди. Ҳозирги кунга қадар 7 та лойиҳа учун 5 миллиард 35 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Жумладан, Ромитан туманида фаолият олиб бораётган тадбиркор «Муҳаммадзиё Озодбек Замини» фермер хўжалиги томонидан қуёнчилик агрофирмаси ташкил этилиб, Россиядан 600 бош «Хиккол» зотли қуёнлар олиб келинди. Агрофирмага 1 миллиард 600 миллион сўм кредит маблағи ажратилиб, ушбу маблағлар қурилиш ва таъмирлаш ишларига, қуён сотиб олишга, қуён озуқаси ва бошқа харажатларга сарфланди. Агрофирмада қўшимча тарзда яна 10 та янги иш ўрини ташкил қилинди.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида қуёнчилик билан шуғулланиш истагидаги жисмоний шахсларга 1 миллиард 630 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Натижада 81 та янги иш ўрни яратилди. 2020 йил якунига қадар вилоятдаги агрофирмалар ва аҳоли хонадонларига 15 миллиард 400 миллион сўмлик маблағлар ҳисобига қуёнлар сонини 43 500 бошга етказиш ҳамда 84 тонна қуён гўшти ва 43 500 дона қуён териси олиш мўлжалланган.

Ҳудудларда амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар натижасида янги иш ўринлари ташкил этилаётгани эътиборга молик.

Икром Аввалбоев, Сирож Аслонов(сурат), ЎзА