Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуёнчилик: Ўзбекистонда тармоқнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режалар
07:40 / 2020-11-07

Кам маблағ сарфлаб, қори даромад олса бўладиган тармоқлар кўп эмас. Ана шундай даромадли йўналишлардан бири – қуёнчилик.

Лекин мамлакатимизда яқин йилларгача қуён парваришлашда эски усуллардан фойдаланиб келинди. Бу жониворларни кўпайтиришда оддий зооветеринария қоидаларига ҳам амал қилинмагани маҳсулдорлик пасайишига сабаб бўлди.

Тан олиш керак, мамлакатимиздаги хусусий ёрдамчи хўжаликларида қуёнлар асосан шахсий эҳтиёж учун боқилади. Қуёнчилик билан шуғилланувчиларга тегишли қўлланма ва йўл-йўриқлар, тегишли адабиётлар етарли бўлмагани ҳам тармоқнинг оқсашига сабаб бўлгани сир эмас.

Аслида қуён тез етиладиган жонзот саналади. Маълумотларга қараганда қуёнларни тўрт ойлигидан бошлаб урчитиш мумкин. Парвариши яхши бўлган, тирик вазни 5 килограмлик урғочи қуён йилига 7 мартагача болалайди.

Тўйимлилиги бўйича қуён гўшти молникидан юқори, лекин холестерини камлиги бўйича қўй, мол ва бошқа жониворларнинг гўштидан ажралиб туради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуён гўшти таркибидаги оқсилнинг 90 фоизи организмимизда тўлиқ ўзлаштирилади.

Жаҳон бозорида қуён мўйнаси, тивити, терисига талаб юқори. Тери ва мўйнаси учун етиштирилаётган қуён зотлари нисбатан салқинроқ иқлимга мослашган. Бу уларни мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида кўпайтириш имконини беради.

Мавзу доирасида яна кўплаб маълумот ва фактларни келтириш мумкин. Шундай экан савол туғилади, нега мамлакатимизда қуёнчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмаслиги керак? Хўш Ўзбекистонда тармоқнинг бугунги ҳолати қандай, истиқболдаги режалар нималардан иборат?

Қуёнчиликда хориж тажрибаси

Қуёнчилик жаҳон иқтисодиётида алоҳида тармоқ сифатида ажралиб туради. Маълумотларга кўра, Хитой аҳолиси қуён гўштини жуда кўп истеъмол қилмайди, лекин чин ўлкаси қуёнчиликда жаҳонда етакчи саналади. Улар йилига олти юз олтмиш минг тонна атрофида қуён парваришлайди. Мамлакатда қуёнларнинг асосан мўйнали ва тивитли зотлар кўпайтирилади.

Италияда йилига уч юз минг тонна қуён етиштирилади. Бу рақам ушбу мамлакатни қуёнчиликда жаҳонда иккинчи ўринда эканлигини англатади. Италияда аҳоли бошига қуён гўшти истеъмол қилиш даражаси анча қори – йилига олти килограмгача. Франция, Германия, Венгрия каби мамлакатлар аҳолиси ҳам қуён гўшти истеъмолида етакчи саналади. Европанинг бу давлатларида қуёнчилик маҳсулотларининг ярмидан кўпи кластер усулида ишлаб чиқарилар экан.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти парҳез гўшт истеъмол қилиш меъёри хусусида тегишли тавсияларни бериб боради. Унга кўра, инсон бир йил давомида истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотларининг 5 фоизи, яъни 4,5 килограми қуён гўшти бўлиши мақсадга мувофиқ дейилади. Бу тавсиядан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилинса, юртимизда ҳам қуён гўштига талаб қори бўлиши керак.

Тармоқ ривожига қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини жонлантириш лозим

Мамлакатимизда қуёнчилик билан шуғулланувчилар сони анча кам. Бунинг сабаблари ҳақида қорида қисқача тўхталган эдик. Эътиборлиси, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам мазкур тармоқ ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Бу борада тарғибот-ташвиқот ишлари сезиларли жонланиб қолди. Энди мақсад қори бўлиши, яъни қуёнчиликни саноат даражага олиб чиқишга интилиш етиши лозим. Бошқача айтганда, қуён боқувчи етиштирган маҳсулотини қаерга сотишини аввалдан режалаштира олиши керак. Озуқа топишда муаммога дуч келмаслиги ҳам муҳим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 31 октябрида ўтказган йиғилишида қуёнчиликни жадал ривожлантириш масаласига эътибор қаратган эди. Унда ушбу соҳадаги масалалар муҳокама этилганди. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳи тузилди. Улар мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги қуёнчилик хўжаликлари вакиллари билан учрашиб, мавжуд ҳолатни ўрганди.

Шунингдек, Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси томонидан мамлакатимизда қуёнчиликни ривожлантириш дастури концепцияси ишлаб чиқилди. Концепцияга кўра, 2020-2024 йилларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудида қуёнчилик кластерларини йўлга қўйиш бўйича дастур шакллантирилди.

Ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар самара бера бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил май-июнь ойларида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифи давомида ушбу ҳудудларда қуёнлар сонини 1 миллион бошга, республика бўйича эса 5 миллион бошга етказиш топшириғи берилган эди.

Қуёнлар бош сонини 5 миллион бошга етказиш учун 189 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланиб, 311 миллиард сўм кредит ажратилиши режалаштирилган. Хусусан, Андижон вилоятида 58 та, Наманган вилоятида 19 та, Фарғона вилоятида 28 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, “Микрокредитбанк” томонидан қуёнчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида жами 211,6 миллиард сўм, шундан 2020 йилда 138,9 миллиард сўм кредит ажратилди. Ушбу маблағларнинг 111,5 миллиард сўми 251 юридик шахсга, 27,4 миллиард сўми эса хонадонларида қуёнчилик соҳасини ривожлантириш истагини билдирган 1249 жисмоний шахсга йўналтирилди.

Шунингдек, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида 7 мингтадан хонадонга (ҳар бир хонадонга 10 бошдан) жами 70 минг бошдан наслли қуён тарқатиш белгиланган.

Бугунги кунда Андижон вилоятида 6 426 та хонадонга 64 минг 263 бош, Наманган вилоятида 616 та хонадонга 6 минг 162 бош ва Фарғона вилоятида 369 та хонадонга 3 минг 3 976 бош қуён тарқатилган. Республика бўйича 12 472 та хонадонга 125 минг бош қуён тарқатилган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ташкил этилган “ECO RABBIT” МЧЖ Россия давлатининг “ВЕСТА” МЧЖ корхонаси билан 38 минг бош зотдор қуён олиб келиш бўйича шартномалар имзолаб, бугунги кунга қадар 15 минг бош, Фарғона вилояти, Қуштепа туманидаги “Водий наслли қуёнлари агрофирмаси” МЧЖ “АгроСпецСервис” компанияси билан 5000 бош зотдор қуён етказиб беришга шартнома имзолаб, 1 минг 100 бош зотдор қуёнлар етказиб берилди ва ҳозирда кўпайтирилмоқда.

Мазкур зотдор қуёнлар ҳудудларда ташкил этилаётган йирик қуёнчилик хўжаликларига етказиб берилмоқда. Хўжаликлар томонидан эса зотдор қуёнларни кўпайтириш орқали аҳоли хонадонларида қуёнчилик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган хонадон эгаларига кооперация усулида хизмат кўрсатилади.

Шунингдек, бугунги кунда банк кредит ҳисобига мисол тариқасида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “VODIY HAMKOR AGROFIRMA” МЧЖнинг умумий қиймати 4 миллиард сўмлик лойиҳасига 2,5 миллиард сўм кредит ажратиш орқали, 27,2 минг бош қуён етиштириш имкони яратилиб, 27 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги “CHORTOQ MOMUQ QUYONLARI” МЧЖнинг умумий қиймати 7,1 миллиард сўмлик лойиҳасига 3 миллиард сўм кредит ажратиш орқали, 30 минг бош қуён етиштириш имкони яратилди. Натижада ҳудуд аҳолиси учун 20 та янги иш ўрни вужудга келди.

Фарғона вилояти Қуштепа туманидаги “Водий наслли қуёнлари агрофирмаси” МЧЖнинг умумий қиймати 5,5 миллиард сўмлик лойиҳасига эса 4 миллиард сўм кредит ажратилди. Натижада 150 минг бош қуён етиштириш имкони пайдо бўлди. Бу лойиҳа натижасида эса 60 та янги иш ўрни яратилганини айтиб ўтиш ўринли.

Қуёнчилик соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Фарғона вилояти Фарғона тумани ҳамда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида ва Самарқанд вилоятининг Булунғур туманларида қуёнчилик хўжаликлари ва аҳолини мазкур соҳадаги билимларини оширишга қаратилган илмий-амалий семинар ўтказиш марказлари ташкил этилди.

Мазкур, марказлардан Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида “Қуёнчилик илмий-амалий мактаби” ташкил этиш орқали, “Қуёнчилик селекцияси ва генетика маркази” томонидан қуёнчилик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган 38 та хонадон эгалари ўқитилиб, жорий йилнинг октябрь ойида сертификатлар топширилди.

Тармоқ ривожи йўлида ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга

Тармоқни ривожлантириш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтириш лозим. Бу бизнинг халқаро бозорга чиқишимизда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси томонидан тармоққа хорижий инвесторларни жалб этишга эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, ассоциация делегацияси Россия Федерациясида бўлди. Мамлакат қуёнчилик соҳаси олимлари, қуён етиштирувчилар, ишлаб чиқарувчилар билан бир қатор учрашувлар ўтказилди. Мутахассисларимиз турли семинарларда қатнашди. Россия давлат аграр университети раҳбарияти, профессор ва мутахассислари билан ҳам учрашилди. Натижада ушбу олий ўқув юрти билан соҳага оид қўлланмалар тайёрлаш, илмий-тадқиқот масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларида келишиб олинди.

Икром Аввалбоев, ЎзА