Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуйитошлик ёшлар универсал спорт майдончасига эга бўлди
09:41 / 2024-09-07

Сирдарё вилоятининг барча ҳудудларида бўлгани каби Сардобада ҳам спортнинг бокс, футбол, мини-футбол, волейбол, баскетбол, кураш, шахмат-шашка турларига қизиқадиган ёшлар сони бирмунча ортмоқда.

Бунинг биринчи омили, давлатимиз раҳбарининг спортга бўлган эътибори, спорт ишқибозлари учун яратиб бераётган шарт-шароитлардир.

Кейинги йилларда  ёш ўғил ва қизларимиз жаҳон ареналаридаги мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юрт байроғини баландларга кўтариб, ғолиблик нашидасини сўраяпти. Бу эса,  нафақат ёш ўғил ва қизларимизга,  ёши катта кишиларга ҳам шижоат бахш этяпти.

–Ёшлар талаби ва таклифи асосида  Қуйитош маҳалласида универсал спорт майдончасини барпо этдик. Бунинг учун Спорт вазирлиги томонидан  350 миллион сўм пул маблағи йўналтирилди. Энг қувончли томони, Қуйитошда барпо этилган 13/26 метр ўлчамдаги универсал спорт майдончасидан  нафақат ёш ўғил ва қизларимиз, ёши катта кишилар ҳам фойдаланиб, спортнинг мини-футбол, волейбол, баскетбол ва бошқа турлари билан шуғулланиши учун  барча шарт-шароит яратилди. Умид қиламизки, бўш вақтидан унумли фойдаланиб, спорт турлари билан шуғулланаётган Қуйитошлик спортчи ёшларимиз орасидан ҳам бу йилги "Париж-2024"  олимпиадаси совриндорлари  сингари таниқли спортчилар етишиб чиқади,– дейди Сирдарё вилоят спорт бошқармаси бошлиғи  Анвар Бўронов.  

Мустақиллигимизнинг 33 йиллик шодиёнаси кунларида  фойдаланишга топширилган универсал спорт майдончаси  Қуйитошлик ёшлар учун байрам совғаси бўлди.

Универсал спорт майдончасининг очилишига бағишланган тадбирда Сирдарё вилояти спорт бошқармаси,  туман ҳокимлиги вакиллари,  фахрий ва нуронийлар иштирок этиб, Қуйитошлик бўлғуси чемпионларга оқ йўл тилашди.

Бу каби универсал спорт майдончалари Ховос туманининг Ўзбекистон, Оқолтин туманининг Саховат маҳаллаларида ҳам барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса, сирдарёлик спортсевар ёшлар, бўлғуси чемпионларга бир олам қувонч бахш этди.

Ғулом Примов,

ЎзА