Шу кунларда олтин кузнинг ўтаётган ҳар бир лаҳзасини ғанимат билган деҳқонлар олдига мавсум сарҳисоби яқинлашмоқда.
Далаларда етиштирилган пахта ҳосилини увол қилмасдан йиғиб олиш галдаги муҳим масалалардан биридир. Бунинг учун жойларда пухта тайёргарлик кўрилди.
Вилоятда 2022 йил ҳосили учун 72,1 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилинган. Ушбу майдонларда 257,9 тонна пахта хом ашёсини етиштириш учун 1 минг 181 та фермер хўжалиги ва 6 та пахта-тўқимачилик кластери билан контрактация шартномалари тузилиб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 35,7 центнерни ташкил этади. Жойларда соҳа мутахассислари билан бирга ҳар бир контурда дефолиация тадбирлари сифатли якунланди.

Етиштирилган пахтани 52 фоизи қўл терими, 48 фоизи эса машиналар ёрдамида териб олинади. Мазкур жараённи уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида махсус терим отрядлари шакллантирилиб, уларга 115 минг нафар теримчи жалб этилади. Ҳар бир отрядга ўртача 100-120 нафардан теримчи бириктирилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1500 сўм, иккинчи теримда 1800 сўм, машина терим учун 1400 сўмдан тўлаб берилиши режалаштирилган. Мавсум давомида кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари ҳисобидан теримчилар иссиқ овқат билан таъминланади.
Тошкент вилоятида механизация ёрдамида териб олинадиган далаларни теримга тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўтган йили 20 фоиз майдон шу усулда териб олинган бўлса, жорий йилда эса мазкур кўрсаткични 48 фоизга етказиш режалаштириляпти. Мавсумга пахта қабул қилиш пунктлари, улардаги тарозилар ва лаборатория жиҳозлари давлат стандартлари талабларига келтирилди. Режага кўра, терим мавсумни 10 сентябрдан 10 октябргача, 30-35 иш кунида якунлаш графиги ишлаб чиқилган. Муҳими, пахта терими жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, теримчиларга иш ҳақларини ўз вақтида берилиши, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик бўйича кунлик мониторинг амалга ошириб борилади.
Бу ҳосил етилган далаларда дастлабки ишлар бошланди. Хусусан, Қуйи Чирчиқ туманидаги "TCT Agro сluster" МЧЖ таркибидаги Ҳамза ҳудудида биринчилардан бўлиб Пахта йиғим-терими яхши ниятларда бошланди. Ҳудудда ишлаётганларга дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди. Туманда 2022 йил ҳосили учун 11,4 минг гектар ер майдонларига ғўза парваришланган ва ундан 45,8 минг тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилган.
Умуман олганда мавсумда теримчилар хавфсизлиги, транспорт ҳаракати, жамоат тартибини сақлаш ички ишлар органлари томонидан, теримда иштирок этувчиларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, дори-дармон таъминоти тиббиёт бирлашмалари томонидан ва бошқа барча хавфсизлик чоралари кўрилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА