Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуйи бўғинлар фаолияти – юксалишларнинг бош мезони
12:07 / 2025-06-23

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жамиятдаги мавқеи ва халқ орасидаги нуфузи, аввало, унинг бошланғич ташкилотлари фаоллиги, аҳоли дарду ташвишлари билан қай даражада ҳамнафас яшаётгани билан белгиланади. Агар қуйи бўғинлар ўз атрофидаги партия хайрихоҳларини партиянинг юксак ғоялари ва дастурий мақсадлари йўлида бирлаштира олса, ҳар бир ташаббус ўз натижасини, албатта, кўрсатади.

Айнан шу тамойилдан келиб чиқиб, партия Сиёсий кенгаши томонидан Бухоро вилоятида ўтказилган семинар-тренинг партия ҳаётидаги муҳим воқелик бўлди. Ушбу тадбир ҳудудий ва маҳаллий тузилмалар салоҳиятини қайта кўриб чиқиш, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо бериш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш учун самарали майдон вазифасини ўтади.

Тадбир кун тартибидан ўрин олган ҳар бир масала – хоҳ у Сайловолди дастур ижроси учун маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўлсин, хоҳ ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашнинг замонавий усулларини жорий этиш бўлсин – пировард натижада ягона мақсадга йўналтирилди: партиянинг ҳар бир аъзоси ва ҳар қандай даражадаги таркибий тузилмасининг жамият олдидаги масъулиятини ошириш.

Зеро, фуқароларнинг мурожаатларига амалий ечим топиш, жойлардаги муаммоларни дадил кўтариб чиқиш – партиямизнинг асосий вазифаси. Шу билан бирга, коррупция иллатига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва ҳар қандай фаолиятда шаффофлик ҳамда адолатни таъминлаш орқалигина биз халқ ишончини тўла оқлай оламиз.

Семинар-тренинг якунида ишлаб чиқилган амалий тавсиялар, шубҳасиз, эндиликда барча ҳудудий бўлинмалар учун фаолиятни янгича ташкил этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, бошланғич ташкилотларимизга янги куч ва шижоат бағишлаб, партиянинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга замин яратади.

Муҳаррам Дадаходжаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

ЎзА