English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуввачада янги тикувчилик корхонаси
16:06 / 2025-10-27

Бухоро вилояти Қоракўл туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, аёллар учун доимий ишўринларини яратиш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Қуввача маҳалласида “Парвоз плюс файз барака” МЧЖ томонидан янги тикувчилик корхонаси ишга туширилди.

Янги ишлаб чиқариш масканининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар хотин-қизлар бандлиги, уларни доимий иш билан таъминлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

– Бугунги кунда аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш орқали оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш билан бирга, туман иқтисодиётининг барқарор ривожланишига замин яратилмоқда. Шу жиҳатдан янги тикувчилик корхонасининг ишга туширилиши жуда муҳим аҳамиятга эга, –дейди туман ҳокими Хуршид Тохиров.

Янги корхонада дастлаб 120 та иш ўрни яратилган бўлиб, яқин келажакда бу кўрсаткич янада ортиши режалаштирилган. Корхонада замонавий тикув ускуналари ўрнатилган бўлиб, тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ички бозор билан бир қаторда экспортга ҳам йўналтирилади.

Корхонанинг яна бир эътиборга молик жиҳати Қоракўл туманидаги 2-сон политехникум билан дуал таълим тизими асосида ҳамкорликни йўлга қўйган. Эндиликда тикувчилик йўналишида таҳсил олаётган 41 нафар ўқувчи корхонада амалиёт ўтаб, ўз меҳнати эвазига маош олиш имкониятига эга бўлди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.