“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Crystal Resort” тоғ-курорт мажмуасида “Аёллар учун тоғда илҳом ва қувонч энергияси” мавзусида икки кунлик ривожлантирувчи тренинг ташкил этилди.
Тадбирда банкнинг фаол аёл ходимлари ҳамда ҳудудий аёллар кенгашлари раислари иштирок этди.
–Тренингнинг асосий мақсади замонавий раҳбар аёллар учун эмоционал етакчилик кўникмаларини шакллантириш, жамоавий ишда мотивацияни ошириш, юмор, ижобий муҳит ва самарали мулоқот орқали ташкилот ичида самарадорликни юксалтиришдан иборат, – дейди “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг бўлим бошлиғи Маҳбурат Якубова. – Бугунги рақобатбардош меҳнат бозорида фақатгина техник кўникмалар етарли эмас. Раҳбар ўз жамоасида руҳий барқарорликни сақлаш, самимий муносабатларга асосланган иш муҳитини яратишни ҳам билиши зарур. Шу маънода, мазкур тренингда “энергия, юмор ва илҳом” каби омилларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу бизнесда ноанъанавий, самарали ёндашув сифатида намоён бўлди.
Тренинг дастурида нутқ маданияти, нотиқлик, етишиш лидерлиги ва жамоа ичидаги эмоционал алоқалар каби муҳим мавзулар қамраб олинди.
Нотиқлик санъати ва шахсий ривожланиш бўйича халқаро тренер, МТРК сиёсий шарҳловчиси Шарофиддин Тўлаганов ҳамда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Аёллар кенгаши раиси Муҳаббат Ураловалар иштирокчилар билан ўз билим ва тажрибаларини баҳам кўришди.
Машғулотлар давомида иштирокчилар лидерлик хусусиятларини янада ривожлантириш, жамоа билан самарали ишлаш, турли вазиятларда мусбат таъсир ўтказиш ва ички мотивацияни сақлашга доир амалий билимларни ўзлаштиришди.
Тренингнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – унинг табиат бағрида, очиқ ҳавода ташкил этилгани. Бу иштирокчиларнинг эмоционал ҳолатини соғломлаштириш, уларда ижобий кайфият уйғотиш ва ўзаро очиқ мулоқот муҳитини яратишда катта аҳамият касб этди.
Тадбирнинг иккинчи кунида жисмоний фаоллик, спорт ўйинлари, кўнгилочар машғулотлар ташкил этилди. Бу жараён иштирокчиларнинг жамоавий руҳини кучайтириш ва психологик енгилликни таъминлашга хизмат қилди.
[gallery-25707]
Тренинг якунида ҳар бир иштирокчига “Эмоционал лидер” номли махсус сертификатлар топширилди. Шунингдек, “Аёл ва табиат уйғунлиги” мавзусидаги ёрқин фотосессия орқали аёллар образи ва табиат эстетикаси уйғун тарзда тасвирланди.
Банк тизимида фаолият юритаётган аёллар – нафақат мутахассис, балки етакчи, ташаббускор ва жамоа қурилишида ҳал қилувчи шахслар. Шу маънода, “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан йўлга қўйилаётган бундай амалий ва мотивацион лойиҳалар – ташкилотнинг барқарор ривожланиши ва инсон капиталини бошқаришдаги устувор ёндашувлардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА