Жиззах шаҳридаги 2-сонли “Янги Ўзбекистон” маданият маркази қошида фаолият юритаётган “Қувонч” болалар бадиий ҳаваскорлик театр жамоаси 2019 йилда Президентимизнинг бешта муҳим ташаббусининг биринчи йўналиши – ёшларни санъат ва маданиятга жалб этиш ғояси асосида ташкил этилганди.
Жамоа ўзининг қисқа фаолият даврида бадиий изланишлари, тарбиявий аҳамиятга эга саҳна кўринишлари ва профессионал ёндашувлари билан катта эътибор қозонди.
Иқтидорли болалар танлов асосида жамоага жалб этилган. Улар томонидан тайёрланган спектакллар – “Шоҳ ялқовнинг найранги”, “Яхшилик оламининг олтин калити”, “Денгиз ости эртак қаҳрамонлари меҳмонда” каби асарлар мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида намойиш этилмоқда. Бу томошалар нафақат болаларнинг санъатга бўлган қизиқишларини оширмоқда, балки уларнинг маънавий камолотига ҳам хизмат қилмоқда.
Жамоага тажрибали мутахассис Гулшан Каримова раҳбарлик қилиб, унинг саҳна режиссурасидаги маҳорати “Қувонч” жамоасини шаҳар ва вилоят миқёсидаги турли тадбирларда юксак натижаларга эришишини таъминлади. Болалар билан олиб борилган самарали ижодий ишларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг қарорига биноан жамоага “Болалар намунали жамоаси” унвони берилди. Бу унвон жамоанинг илк қадамлариданоқ тўғри ва мақсадли йўналишда ҳаракат қилаётганини тасдиқлайди.
– “Қувонч” жамоаси шаҳримиздаги минглаб болаларга театр орқали маънавий озуқа бериб келмоқда. Унинг намунали жамоа сифатида эътироф этилиши биз учун кутилмаган воқеа бўлди, – дейди Жиззах шаҳри маданият бўлими мудири Асилбек Зоидов.
Бугунги кунда “Қувонч” жамоаси болаларнинг бадиий салоҳиятларини ривожлантириш, маънавий дунёқарашларини бойитиш ва ижобий ғояларни кенг тарғиб этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар орқали жамоа келажакда янада катта ютуқларга эришиши шубҳасиз.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири