Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги олимпиада ва паралимпия спорт турларига ихтисослашган мактабда педагоглар ўртасидаги “Қувноқ стартлар” спорт мусобақасининг Республика босқичи бўлиб ўтди. Мусобақа Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамкорлигида республикамизда иккинчи маротаба ўтказилди.
Финалда Жиззах вилоятидан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан 13 та жамоа иштирок этди. Уларнинг ҳар бири уч кун давомида 19 турли шарт бўйича беллашиб, тезкорлик, чаққонлик ва жисмоний тайёргарлик салоҳиятини намоён этди.

Сирдарё «Ёшлик» Жисмоний тарбия ва спорт жамияти минтақавий бўлими раисининг ўринбосари Насибулла Саъдиев таъкидлаганидек:

– Ҳар бир беллашув қатнашчилардан чаққонлик, матонат ва ҳамкорликни талаб қилди. Бу мусобақа нафақат жисмоний тайёргарликни, балки педагоглар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди. Энг асосийси, “Қувноқ стартлар” нафақат спорт руҳини, балки педагогларнинг жамиятдаги фаоллигини ҳам намоён этди.


Финал натижаларига кўра, учинчи ўрин Сирдарё ва Бухоро вилоятлари жамоаларига, иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси жамоасига насиб этди. Мутлақ ғолиб эса Тошкент шаҳар жамоаси бўлди. Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом ва кубоклар билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири