Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қувайтлик тадбиркор Фарғонада йирик лойиҳаларни бошламоқда
11:32 / 2024-01-18

Фарғона вилоятида тўғридан тўғри инвестицияларни жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда Қувайтнинг йирик компаниялари бир қатор соҳаларга сармоя киритиш истагини билдирмоқда. “Gulf Care General Trade” ҳамда “Energy Solutions” компаниялари шулардан биридир.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур компаниялар бошқарув кенгаши раиси Эйад ал-Салеҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда тиббиёт ва фармацевтика, энергетика ҳамда тоғ-кон саноати соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, инвестицион ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш борасида фикр алмашилди.

Қувайтлик тадбиркор Фарғона вилоятида яқин вақтлар ичида давлат тиббиёт муассасаси учун диагностика-лабораториясини ташкил этиш ва жиҳозлаш лойиҳасини беғараз амалга ошириш истаги борлигини маълум қилди. Лойиҳа учун Республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий маркази Фарғона вилояти филиалида бино ажратиладиган бўлди.  

Учрашувда қувайтлик инвестор Ўзбекистоннинг ипакчилик саноатини юқори баҳолаб, Фарғонада йирик ипакни қайта ишлаш лойиҳасини ишга тушириб, ипак матолари ва маҳсулотларининг экспортини йўлга қўймоқчи эканлигини ҳам билдирди. Инвесторга ипакчилик, заргарлик, тоғ-кон саноати каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириши учун вилоятда барча имкониятлар яратиб берилиши маълум қилинди.

Қувайтлик йирик тадбиркор шейх Эйад ал-Салеҳ нефт ва газ, энергетика, тиббиёт, фармацевтика, қурилиш, ипакчилик, тоғ-кон саноати, металлургия йўналишларида дунёнинг турли давлатларидаги 20 га яқин компания соҳиби саналади. Тадбиркорнинг Фарғонага иккинчи бор келиши. Биринчи ташрифда ҳудуд имкониятлари ўрганилганди. Бу сафар эса илк лойиҳалар бошланди. Унинг компаниялари негизидаги клиникаларнинг юқори малакали шифокорлари 8 кун давомида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 28 та юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиёти, шу жумладан, интервенцион кардиологик амалиётларни бепул ўтказди. Айтиш керак, ушбу бемор болалар 2023 йил август ойида қувайтлик шифокорлар томонидан ўтказилган тиббий кўрик давомида саралаб олинган.  

–Биз келган кунимиздан бошлаб,саралаб олган болаларни яна тиббий кўрикдан ўтказдик, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаландик,–дейди қувайтлик шифокор Аҳмад Фадалий.–Бемор болажонларга ёрдам берганимиздан жуда ҳам мамнунмиз. Бир ҳафта давомидаги йигирмадан ортиқ операциянинг барчаси кўнгилдагидек ўтди. Ҳозир болаларнинг ҳолати яхши. Компаниямиз раҳбарияти келиб, жараёнларни кузатишди. Ўйлайманки, бу ҳамкорлик яна давом этади.

 

М.Сулаймонов,

ЎзА мухбири