ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қувасой шаҳри табиий-иқлим шароити мева-сабзавот етиштиришга қулай. Хусусан, шаҳарнинг “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди қир-адирлар бағрида жойлашган бўлиб, бу ердаги аҳоли учун асрлар давомида боғдорчилик асосий тирикчилик манбаи бўлиб келяпти.
Бу ерда 18 та боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Улар йил сайин янги навлар парвариш қилиш орқали ҳосилдорликни оширишга эътибор қаратмоқда. Жорий йил Қувасой боғлари учун, айниқса, баракали келди.
“Муҳаммадрайим фазилати” фермер хўжалиги боғи уч гектар бўлиб, бу йил 20 тонна олма етиштирилди.
[gallery-25684]
– Соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашган ҳолда, боғимизга “Крепсон” навли олма кўчатлари экдик, - дейди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Сардор Қобулов. – Бу нав нафақат ҳосилдор, балки бозорбоплиги билан ҳам ажралиб туради.
Айни кунларда Қувасой боғларда олма, беҳи, анор ва бошқа сархил меваларнинг терими қизғин паллада.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА