Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қувасойдаги иссиқхонада 100 тоннадан ортиқ помидор етиштириш режалаштирилмоқда
14:06 / 2026-02-21

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида аҳоли дастурхонини қиш мавсумида ҳам сархил сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шаҳарнинг “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги адир ерларда 2 гектар майдонда барпо этилган замонавий иссиқхонада йилнинг совуқ кунларида ҳам помидор етиштирилмоқда.

“Шокиржон ота” деҳқончилик фермер хўжалигида Камолиддин Шокиров раҳбарлигида самарали фаолият йўлга қўйилган. Хўжаликда 15 та доимий иш ўрни яратилган бўлиб, қўшимча равишда 10 нафарга яқин мавсумий ишчилар ҳам меҳнат қилмоқда. Энергия тежамкор иситиш тизими ва томчилатиб суғориш технологиясининг жорий этилиши ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ҳамда даромадни оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Фермер хўжалиги иш юритувчиси Муҳиддин Акбаровнинг маълум қилишича, Туркиядан келтирилган сара уруғлар асосида етиштирилган помидорлар пишиб етилди. Яқин кунларда ҳосилни ички бозорга етказиб бериш ишлари бошланади. Хўжаликда уруғлар ўз ҳудудида кўчат қилиб экилади. Шунингдек, туркиялик мутахассислар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яқинда мазкур мамлакатдан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида иссиқхона шароитида помидор етиштиришнинг замонавий ёндашувлари ва илғор агротехнологиялари бўйича ўзаро тажриба алмашилди.

[gallery-27794]

Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг биринчи мавсумида 100 тоннадан ортиқ помидор ҳосили олиш ва уни ички бозорга етказиб бериш режалаштирилган.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА