ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3480 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳолиси асосан тадбиркорлик, чорвачилик, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланиб, оила фаровонлигини таъминлаб келмоқда.
Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Ана шундай корхоналардан бири Жаҳонгир Жўраев раҳбарлик қилаётган «Дўстлик парранда» масъулияти чекланган жамиятидир.
Паррандачилик хўжалигида Германиядан келтирилган «Ломан Сэнди» зотли 100 мингдан ортиқ товуқ парваришланмоқда. Шундан 27 мингтаси жўжа ҳисобланади. Замонавий технологиялар асосида фаолият юритаётган корхонада кунига ўртача 60 минг донадан ортиқ тухум ишлаб чиқарилади. Шунингдек, ҳудуддаги махсус цехда паррандалар учун 8–9 турдаги озуқа тайёрланмоқда.
Айни пайтда корхонада 60 нафарга яқин маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган.
[gallery-27601]
— Бир ойда ўртача 2 миллион донага яқин тухум етиштириб, вилоят аҳолисига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб беряпмиз, - дейди корхона раҳбари Жаҳонгир Жўраев. — Шу билан бирга, фермер хўжаликлари экин майдонлари унумдорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ўғит ҳам етказиб бермоқдамиз. Келгусида гўшт йўналишида паррандачиликни йўлга қўйиб, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Қайд этилишича, бундай ташаббуслар маҳаллада тадбиркорлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Паррандачилик соҳасида ташкил этилган корхоналар маҳаллада ўзини ўзи банд қилиш маданиятини шакллантирмоқда, - дейди МФЙ ҳоким ёрдамчиси Сатторали Йўлдошев. — Айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар учун барқарор иш ўринлари яратилаётгани ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим омилдир.
Хулоса қилиб айтганда, Қувасой шаҳридаги «Дўстлик парранда» МЧЖ фаолияти маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантиришда ибратли тажриба сифатида эътироф этилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА