Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қувасойда “Жасорат” лойиҳаси доирасидаги тадбирларда юзлаб ёшлар иштирок этди
08:21 / 2024-01-30

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида ёшлар билан ишлаш йўналишида “Қувасой тажрибаси” сифатида қатор тадбирлар ташкил этилди.

Дастлаб “Жасорат” лойиҳаси доирасида юриш марафони ўтказилди. Асосан “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари жалб этилган тадбирда турли ёш тоифасидаги қувасойликлар фаоллик кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари топшириғи билан ҳудудларда фаолият олиб бораётган Республика ишчи гуруҳи вакиллари, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари лойиҳа мазмун-моҳияти ҳақида маълумот беришди. Фаол ва ташаббускор йигит-қизлар орасидан ёшлар етакчилигига истиқболли кадрлар захираси яратилиши маълум қилинди.

Шундан сўнг йиғилганлар “Ватанпарвар” ташкилоти шаҳар ўқув спорт-техника клубининг махсус автомобилларида 1-сонли спорт мактаби олдидан Мустақиллик кўчаси бўйлаб  шаҳар Маданият марказигача бўлган масофани босиб ўтдилар.

Тадбир ёшларни турли зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишларини янада оширишга қаратилган қизиқарли баҳслар билан давом этди. Тош кўтариш, арқон тортиш,  армрестлинг мусобақаларида шаҳардаги 31 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан келган юзлаб ёшлар ўз имкониятларини синовдан ўтказдилар.

[gallery-15694]

Шаҳардаги “Ҳувайдо” МФЙ спорт мажмуасида ўтган тадбирда Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ёшлар масалалари ва муаммоларини ўрганиш жараёнида аниқланган кўмакка муҳтож йигит-қизларнинг 4 нафарига тикув машинаси ҳамда мотокультиватор берилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 44 нафар талабага тўлов-контракт учун сертификат топширилди.  

Маълумот учун. Қувасой  шаҳрида 14-30 ёшдаги йигит-қизлар сони 23 минг нафардан зиёд бўлиб, уларнинг қарийб 100 нафари “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари ҳисобланади.  

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА