ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, БМТ Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигидаги “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида шаҳарнинг замонавий мастер-режасини ишлаб чиқиш ишлари бошланди.
Лойиҳа шаҳарнинг ижтимоий, иқтисодий ва экологик ривожланиш салоҳиятини ошириш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратиш ҳамда Қувасойни “яшил ва фаол ҳаёт маркази”га айлантиришни мақсад қилган. Мастер-режа доирасида умумий майдони 100 гектаргача бўлган ҳудудда замонавий турар-жойлар, дам олиш ва хизмат кўрсатиш масканлари, экотуризм ва тадбиркорлик зоналари, шунингдек, аҳоли учун очиқ яшил ҳудудлар ташкил этиш режалаштирилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида шаҳарда янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг турмуш сифатини ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш кўзда тутилган. Шу билан бирга, лойиҳа ишлаб чиқиш жараёнида маҳаллий аҳоли, хусусан, аёллар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва тадбиркорларнинг фикр ва таклифлари инобатга олинади. Бу ёндашув лойиҳани аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларига мослаштириш имконини беради.
[gallery-26222]
Қувасойнинг янги мастер-режаси БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларига мос бўлиб, “яшил иқтисодиёт”, экомуҳитни муҳофаза қилиш, аёллар ва ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, маҳаллий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда давлат хизматларини қулай ва шаффоф қилиш йўналишларини қамраб олади. Фарғона водийсининг гўзал бурчагида жойлашган Қувасой табиий ресурслари ва меҳнат салоҳияти билан барқарор ривожланиш учун катта имкониятларга эга. Янги мастер-режа ушбу имкониятларни тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА