Қувасой шаҳри Фарғона вилоятида саноати ривожланган ҳудуд сифатида тилга олинади. Ҳудудни ҳар томонлама янада тараққий эттириш мақсадида дастурлар ишлаб чиқилган. Хўш, бугунги кунда уларнинг ижроси қандай?
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Қувасой шаҳрида бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнлари, аввалги ташрифлар доирасида берилган топшириқлар ижроси билан танишди. Ўрганиш натижалари шаҳарда секторлар раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар аҳволи қониқарсиз эканини, раҳбарларда масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётганини кўрсатди. Хусусан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаган.
Фарғона шаҳридан Қувасой шаҳрига ўтиб боришда жойлашган «Пакана» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 11 та янги кўп қаватли уй-жойлар барпо этиляпти. Қурилиш ишлари бошланганига бир йил муддат ўтган бўлсада бирорта уй тўлиқ фойдаланишга топширилмагани вилоят ҳокими томонидан кескин танқид қилинди. Уй-жойлар қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилаётганига қарамасдан, қурилиш ишлари жуда секин амалга оширилаётгани, шаҳар ҳокими ва унинг қурилиш соҳасига масъул ўринбосари ишларни рисоладагидек ташкил этмагани қайд этилди. Ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашуви учун шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарини ишдан олиш бўйича топшириқ берилди.
Қувасойдаги «Сойбўйи», «Пакана», «Валик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида олиб борилаётган ишлар ҳамда жойлаштирилаётган инвестиция лойиҳалари билан ҳам танишилди. Вилоят раҳбари шаҳар секторлари раҳбарларини ҳудудда тадбиркорлар билан ишлаш даражаси қониқарсиз эканлиги, топшириқлар ижроси етарли бажарилмаганлиги учун қаттиқ огоҳлантирди. Баъзи корхоналарнинг қурилиш ва монтаж ишлари якунланганига қарамай, тадбиркорлар олдидаги баъзи объектив ва субъектив тўсиқларнинг вақтида ҳал этилмаганлиги ёки масъулларга етказилмаганлиги сабабли корхоналар тўла қувват билан ишлай олмаётгани ёки фойдаланишга топширилмай турганлиги аниқланди. Шаҳар прокурори секторидаги биргина «Пакана» МФЙдаги кичик саноат зонасида ишга тушириш режалаштирилган 15 та лойиҳанинг ҳозирда атиги 3 таси амалга оширилган, қолган лойиҳалар бўйича ишлар суст кетмоқда. Тадбиркорлар билан ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиб, одамлар турмуш даражасини кўтариш энг асосий вазифа эканлигини қайд этган вилоят ҳокими энди ишлар тизимли, тартибли олиб борилмаса раҳбарларга кескин чоралар кўришини айтиб ўтди.
Ўрганиш жараёнида Қувасой шаҳрида мавжуд 22 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳам самарасиз ташкил этилгани маълум бўлди. Шаҳардаги экин ерларини чуқур мониторинг қилиш, ерлардан самарали фойдаланишда йўл қўйилаётган камчиликларни ўрганиш ва таҳлил этиш, серҳосил қишлоқ хўжалиги экинларини тизимли жойлаштириш бўйича тезкор иш ташкил этиш юзасидан масъулларга қатъий кўрсатма ва вазифалар берилди.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров олган (сурат), ЎзА