French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қувадаги будда ибодатхонаси 3D турмаршрутини киритилмоқда
06:31 / 2022-03-12

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 2020 йил эълон қилган «Республикамиз ҳудудидаги будда ёдгорликларининг 3D турмаршрутини яратиш» инновацион лойиҳа гранти аъзолари Фарғона вилоятининг қадимги Қува шаҳридаги будда ибодатхонаси билан яқиндан танишди. Мазкур ёдгорлик ҳам турмаршрутга киритилган бўлиб, келгусида буддист зиёратчилар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Қадимги Қува XX аср бошларида илмий тадқиқотчилар эътиборига тушган. Унинг ўлчамлари, топилган минглаб сопол идишлар ва бошқа топилмалар бу масканни афсонавий Кай Кубод билан қиёслаш учун асос бўлган.

Ёзма манбаларда Қува ҳақида жуда кам маълумот учрайди. Араб географларининг ёзишича, Қубо X асрда водийдаги йирик шаҳарлардан бири. Баъзи муаллифлар уни Фарғона пойтахти Ахсикетдан ҳам каттароқ ва чиройлироқ бўлган, деб таърифлаган.

Айрим манбаларда айтилишича, Қубода Фарғона ҳукмдорининг тахт вориси қароргоҳи мавжуд бўлган. Бу шаҳарнинг сиёсий ва иқтисодий салоҳиятини ўша даврда зарб этилган тангалар ҳам намоён этган. Бундан ташқари, қазишмалар чоғида Қувадан топилган кўплаб ноёб тангаларга бошқа ҳудудларда дуч келинмаган. Қува тангаларини чуқур ўрганган О.И. Смирнова бу шаҳарда улар VII - VIII асрларда зарб этилган, дея хулосага келган. Илмий тадқиқот ишлари натижаларига кўра, Қува илк ўрта асрларда муҳим сиёсий аҳамиятга эга шаҳар бўлган.

Хитой йилномалари маълумотларида келтирилишича, VII асрда водийда иккита яъни, шимолий томонда Косон Турк хоқонлиги ҳукмдорларининг қароргоҳи ва жанубда-Хуминда маҳаллий ҳукмдорлар вакили пойтахти бўлган. Хумин қаерда жойлашгани ноаниқ бўлсада, аммо VIII аср бошларидаги Қуванинг сиёсий ва иқтисодий салоҳиятини ҳисобга олиб, араб манбаларидаги Қубо ва Хитой йилномаларидаги Хумин бир шаҳар, яъни Қува, деган хулосага келинган.

Ёдгорликнинг турли жойларида қазишма ишларини олиб борган археологлар аркнинг X асрда бузилиб яроқсиз ҳолга келиб қолгани ҳақидаги ёзма манбалар хабарини тасдиқлади. Лекин, ўрта асрларда Қуванинг кучсизланиши тўғрисидаги фикр ўз исботини топмади. Шаҳар сиёсий ва маданий марказ сифатида XIII аср бошларигача, содда қилиб айтганда, мўғиллар томонидан вайрон этилгунча йирик кентлардан бири сифатида ном қозонган.

Шаҳристоннинг шимол томонида йирик қазиш ишларини олиб борган қадимшунослар 1958-1959 йилларда бу ердаги буддавийлик ибодатхонасини ковлаб очган. Аҳамиятлиси, яшаш жойи ва ибодатхона, ундаги сиғиниш комплекси яхши сақланган. Бу комплекс VII асрда фаолият кўрсатган ва VIII аср бошларида бузиб ташланган. Қувадан топилган ҳайкаллар ва бошқа асори-атиқлар шаҳар аҳолисининг бир қисми араблар келгунга қадар буддавийлик динига сиғинганини исботлайди. Бу ерда буддавийлик аҳоли сиғинган ягона дин бўлмай балки, ўтган асрнинг ўрталаридаги қазишмаларда оташпарастлик дини билан боғлиқ топилмалар ҳам аниқланган. Зардуштийлик ва буддавийлик топилмалари VII-VIII асрларга алоқадор икки диний тизим вакилларининг Қува шаҳрида ёнма-ён яшаганини кўрсатади.

Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозимки, ёдгорликнинг жануби-шарқий бурчагида баландлиги 4 метрдан ортиқ бўлган шаҳар қадимги деворининг бир қисми 1996-2006 йилардаги қазишмалар даврида очилган. Шунингдек, шаҳристоннинг жануби-шарқий бурчагида археологлар ва меъморлар учун аҳамияти катта бўлган дарвоза очиб ўрганилган. Бунгача шахристонда иккита дарвоза бор, дея таҳмин қилинган. Шаҳар ва унинг кириш қисмидаги мураккаб меъморий ечимлари Ўрта Осиё ўрта асрлар тарихида биринчи марта тўла ковлаб ўрганилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, шаҳар дарвозаси ўрта асрлардан ҳам илгарироқ ишлатилган экан.

Қува буддавийлик ёдгорлиги мамлакатимизнинг Сурхондарё, Тошкент вилоятларидаги буддизм ёдгорликлари, Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги музейлар қаторида Инновацион лойиҳа тур маршрутига киритилган йигирмадан ортиқ қадимий объектнинг биридир. Ўтган асрнинг 50 йилларида тадқиқот ишларини олиб борган археологлар бу ернинг энг қадимги қатламлари тўғрисида қизиқарли маълумотларни тўплаган. Жумладан, арк ва шаҳристоннинг майдони 12 гектардан иборат экани ва VI асрга келиб бу ерга аҳоли сиғмай қолганидан шахристон ташқарисига чиқилгани аниқланган. Шимолий девор кесими ва унинг тагида эрамиз бошларига оид мудофаа девори борлиги маълум бўлган. Биринчи асрга оид сополларга дуч келингани ва иккита бронза пайконларининг топилиши Қува эрамиз бошларида пайдо бўлган, деган тўхтамга келишга асос бўлган.

Қадимий Қувани ўрганиш даврида қадимшунослар бу ернинг йирик ҳунармандчилик маркази бўлганини аниқлаган. Улар темирчилик, чармни қайта ишлаш устахоналарига дуч келган. Кулолчилик яхши ривожлангани қайд этилган.

Қазишмалар даврида кўплаб кулолчилик буюмлари топилган. Гарчанд археологлар бу соҳага алоқадор биронта устахонага дуч келмаган бўлсада, бу буюмлар Қувада ишланган, деган тўхтамга келган. Кулол чархисиз тайёрланган сопол идишлар қизил ва қизғиш ранглар билан бўялган. Чархда ясалган сополларга оқиш рангларда жило берилган. Айрим идишлар сиртига бўёқ билан геометрик ва ўсимлик нусха нақшлар солинган. Бундай идишлар тахминан милоддан аввалги II асрдан ортиб борган. Кейинчалик кулолчилик услублари янгиланиб, аксарият идишларни чархда тайёрлаш йўлга қўйилган. Бу каби қазилмаларга сероб будда ибодатхонаси нафақат қадимшунослар балки, сайёҳларда ҳам катта қизиқиш ўйғотади.

Хулоса қилиб айтганда, айни пайтда Инновацион лойиҳа грантининг иккинчи босқичи бўйича ишлар олиб борилмоқда. Уни сифатли амалга ошириш учун энг малакали мутахассислар, илмий тадқиқотчилар жалб этилган. Бу жараёнда буддизм обидаларининг 3D турмаршрути бўйича якуний маҳсулот яратилиб, Қува ҳам ўзининг ўтмишдаги бой тарихи билан дунё сайёҳларининг энг севимли масканларидан бирига айланади.

Бибисора САДИБEКОВА, Инновацион лойиҳа гранти раҳбари, Иқтисод фанлари номзоди, доцент.

Зебунисо АЛИМАРДОНОВА, Сурхондарё вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, археолог.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири