English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қувадаги бўм-бўш «Ҳунармандлар маркази»
12:03 / 2021-11-24

Фарғона вилоятининг 13 та туманида «Ҳунармандлар маркази» қурилиб, сентябрь ойида иш бошлаган эди. Уларда 4 минг нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш белгиланган.

Хўш, жойларда бу борадаги ишлар қандай?  

Қува тумани марказида «Ҳунармандлар маркази» очилган. Уч қаватли бинода савдо комплекси ва кўргазмалар зали, гилам тўқиш, атлас ва адрас матоларини ишлаб чиқариш бўлимлари ташкил этилган. Бу ерда бўлиб, ҳақиқий ҳолат билан танишдик. Марказ ичкарисига кириб борар эканмиз, биринчи қаватдаги миллий ҳунармандчилик намуналари эътиборимизни тортди. Афсуски, кейинги қаватлардаги манзара, бўм-бўш дастгоҳлар дилимизни ранжитди. Бор йўғи уч нафар аёл ишлаяпти, холос.

«Ҳунармандлар маркази» давлат-хусусий шериклик асосида ҳунарманд Иброҳимжон Султоновга берилган.  

– Илгари «Исмоилжон гиламлари» корхонасида адрас, аъло бахмал тўқишни ўрганганман, – дейди иш бошқарувчи Холидахон Раҳмонова. – Ҳунармандчиликда тажрибам бор. Айни кунларда «уста-шогирд» асосида қувалик ишсиз аёлларга ҳунар ўргатиб келаяпман. Бу ерда бошида 20 киши эдик. Ҳаво совиганидан сўнг хотин-қизлар келмай қўйди. Шу ерда боғча ҳам ташкил қилгандик. Энди биринчи қаватда тикувчилик цехини ишга тушириш ҳаракатидамиз.

Бу ердаги қурилиш ишлари чала ҳолатда бўлиб, аксарияти сифатсиз бажарилган. Иситиш тизими ишламайди. Ҳатто ҳожатхона ҳам тўлиқ битмаган. Шу билан бирга тарнов, ичкаридаги ҳаво тозалаш тармоғи умуман талабга жавоб бермайди. Марғилон шаҳридаги «426-хўжаликлараро ихтисослашган кўчма механизациялашган колонна» масъулияти чекланган жамиятининг иш юритувчисига бу борада кўп мурожаат қилинган бўлса-да, амалий натижа йўқ.

Жойларда «Ҳунармандлар маркази»ини ташкил этишдан асосий мақсад, ишсиз фуқаролар ва хотин-қизлар учун бирор ҳунар ўргатишдир. Вилоят ҳокимлиги томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан бир ойлик ўқув курслари ташкил этиш белгиланган бўлса-да, бу ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Натижада катта маблағлар сарф этилган марказлар ҳувуллаб ётибди. Иш ўрни яратиш ёки ҳунар ўргатишда ҳисобот, кўзбўямачилик кетмайди. Акс ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу ҳолатда ўз сўзини айтиши керак бўлади.

 

М.Сулаймонов, ЎзА