French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қувада атиргулларни нега аёллар пайвандлайди?
16:03 / 2022-03-18

Қўйлиқ бозоридан репортаж

Эрталабдан ҳаво айниб, ёмғир томчилади. Пойтахтимиздаги Қўйлиқ деҳқон бозорида кўчатлар сотиладиган расталар харидорлар билан гавжум бўлмаса-да, деҳқонлар савдодан нолишаётгани йўқ.

Кўчат бозоридаги сотувчиларнинг 90 фоизи қувалик деҳқонлар. Бу ерда 18 ёшдан 80 ёшгача бўлган миришкор кўчатчиларни учратиш мумкин.

– Уйимда 15 сотих томорқам бор, – дейди Қуванинг Толмозор қишлоғидан келган Исмоил ота Қамбаров. – Ҳар йили баҳорда ўзим етиштирган кўчатларни пойтахтга олиб келиб сотаман. Бу йил 4 минг туп кўчат олиб келдим. Йилига кўчатдан 6-8 миллион даромад топаман. Кўчат етиштиришни ўзига яраша меҳнатию, сарф-харажати ҳам бор. Баъзи харидорлардан хафа бўлиб кетаман. 15-20 минг сўмдан сотилаётган гилос кўчатларни бир стакан семичкани пулига беринг, деб сўрашади. Харидорларимни қўлига кўчат тутқазганимдан сўнг «кўкариб кетсин», деб ният қиламан. Пойтахтда кўп йиллик харидорларим бор. Ҳали бирортасидан кўчатларингиз қуриб қолди, деган сўзни эшитмадим.

Қува шаҳрининг "Наримон" кўчасида яшовчи 27 яшар Ҳасанбой Саидматов бу йил 6 минг туп кўчат олиб келибди. У эгизаги Ҳусанбой билан томорқасига эккан уруғлар униб чиққач, боғлардаги мевали дарахтларнинг шохларидан олиб келиб, пайвандлар экан. У сотаётган кўчатлар 3 ёшда. 

– Бу йил акам иккаламиз уйланиш учун астойдил меҳнат қиляпмиз, – дейди Ҳасанбой. – Ёшимиз 27 да. Тўйга атаб унча-мунча пул йиғиб қўйдик. Ўрикнинг 4 хил, бодомни 2 хил, шафтолини 4 хил навини олиб келдик. Ҳаво айниб, ёмғир кўп ёққани учун бозор анча суст.

– Қувадан олиб келинган кўчатларни бу ерда қандай сақлайсизлар, томирлари қуриб қолмайдими? Дея берган саволимизга, Ҳасанбой; «Қўйлиқ бозори атрофида сомон бозор деган маҳаллада ижарада турамиз. Чуқур кавлаб, кўчатларни ўша ерга кўмиб, устига тупроқ тортиб қўямиз, ҳеч қандай зарар кўрмай тураверади, – дея жавоб берди.

Қуванинг Толмозор шаҳарчасидан келган Бекзод Деҳқонов икки акаси билан бирга атиргул кўчати етиштириш билан шуғулланар экан. 

– Бу йил 45 минг туп атиргул олиб келдим, – дейди Бекзод Деҳқонов. – Ярмидан кўпини сотиб бўлдим. Биз атиргулнинг 20 хил навини етиштирамиз. Донасини 5 минг сўмдан сотяпман. Харидорлар нолигани йўқ. Бир туп атиргулнинг нархи баъзи мевали кўчатларнинг нархига тўғри келади. Сабаби, атиргул етиштиришнинг меҳнатиям, ўзига яраша харажатиям бор. Бу уруғдан экиб, қаламчаси 40-50 сантиметр бўлгач, танаси ёрилиб, пайвандланади. Ҳар бир атиргул пайванди учун бу йил 40 сўмдан пул тўладик. Атиргулни асосан Қувада аёллар пайвандлайди. Чунки бу жуда майда иш бўлгани учун эркакларнинг сабри етмайди. Аёллар ёшлигидан сабрли, ҳамма нарсага чидамли бўлади. Шу сабабли атиргул пайвандлашда уларга тенг келадигани йўқ.

– Гулларингизни ичида тез кўкарадиган ёки инжиқроғи қайсилар?

– «Роза кейт» атиргули жуда тез амал олиб, яхши гуллайди. «Сиоген» деган гулимизни амал олиши қийинроқ, сабаби, ер танлайди. Унинг уруғини Қирғизистондан олиб келганмиз. Шунданми, бизни ерларга мослашиши бироз қийинроқ. Ҳозир айниқса, старлайт, гранд гала, лимбо, симсалабин, дельфин, папилон, балерина, қизил фиджа, голубой нил каби навларимиз жуда харидоргир бўлиб турибди.

Бозор оралаб юрар эканмиз, расталар орасида бир қанча кўчатларни эпчиллик билан кўтариб кетаётган онахоннинг сўзларини тингладик.

– Нафақамни олгандим, шундан 200 минг сўмини кўчатларга ажратдиму, бозорга келдим, – дейди Юқори Чирчиқ туманидан келган Орзигул ая Усмонова. – Ёшим 78 да. Уч нафар ўғлим бор. Ҳаммаси уйли-жойли, алоҳида туришади. Тўнғич ўғлимнинг ҳовлисида ўрик йўқ, унга 2 туп ўрик олдим, ўртанча ўғлимнинг болалари гилосни яхши кўришади унга гилос, кенжатойимнинг томорқасига шафтоли ва атиргул олдим. Бу кўчатларнинг мевасини ейиш менга насиб қиладими-йўқми, билмадиму, ишқилиб йиллар ўтгач, невараларим мен эккан дарахтларнинг мевасини еб, роҳатланишса, шунинг савоби етади.



Нигора РАҲМОНОВА, ЎзА