Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида “Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида”ги қонун ижросига эътибор қаратилди.
Сенаторлар томонидан қонуннинг қутқарув хизматлари ва тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга жалб қилишга оид қисми Қашқадарё вилоятида ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов вилоятда умумий йўналишда 17 қутқарув тузилмаси мавжудлигини таъкидлади. 284 объектда штатдан ташқари тузилма, 5 қутқарув хизмати тузилмаси ва фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматининг 18 тузилмаси ташкил этилган.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига қарашли очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳарбийлаштирилган қисмда 10 та қутқарув гуруҳидан иборат бўлган махсус қутқарув отрядларида 711 нафар профессионал қутқарувчи фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2024 йил ва 2025 йилнинг 9 ойида 199 махсус-тактик ўқув машқи ўтказилган.

Вилоятдаги корхона ва муассасаларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг қутқарув ишлари бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилган.
Бироқ, аҳоли билан мулоқотлар, жойлардаги ўрганиш ва таҳлиллар қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фаолиятини ташкил этишда қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.

Хусусан, вилоятда қутқарув йўналишидаги профилактик тадбирлар самарали ташкил этилмагани оқибатида 2024 йил ва 2025 йилнинг 9 ойи давомида содир бўлган биргина ёнғинлар (1 минг 813 та) оқибатида 11 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 58 нафари куйиш билан боғлиқ тан жароҳати олган. Бундай фожиали кўрсаткич 2025 йилнинг 9 ойида 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоизга ортган.
2024 йилда ёғингарчилик натижасида юзага келган сел тошқинлари оқибатида 2 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 24 ҳолатда фуқароларнинг уй-жойи, мол-мулки ва деҳқон хўжаликларига зарар етган.
Ёғингарчилик мавсумида юзага келган ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этишда ёки мавсум олдидан амалга ошириладиган муҳандислик муҳофаза ишларида туман йиғма командаларини самарали жалб этишда ҳам бир қатор муаммолар аниқланган.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг штат бирлиги камлиги ҳам кўплаб камчиликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, тезкор чақирувлар, қидириш ва қутқариш, йўл-транспорт, сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар, радиактив ва бошқа моддалар тўкилишини бартараф этиш, аҳолини хавфли жойлардан кўчириш имкониятлари чекланган.
Вилоятдаги хавфли ишлаб чиқариш объектлари яқинида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларининг фавқулодда ҳолатларда аҳолини муҳофаза қилиш борасидаги мазкур объектлар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилмаган.
Қонун ҳужжатларидаги айрим камчиликлар нафақат Қашқадарё вилоятида, балки бутун мамлакатда қутқарув ишларининг янада самарали йўлга қўйилишига тўсиқ бўлмоқда. Жумладан, амалдаги қонун 2008 йилда қабул қилинган бўлиб, унда қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмаларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишдаги иштирокига оид тушунчалар тўлиқ акс эттирилмаган, қутқарув ишларининг турлари тўлиқ таснифланмаган. Бундан ташқари, қонунда қутқарувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ нормаларни такомиллаштириш зарурати ҳам юзага келган.
Мажлис якунида юқоридаги камчиликлар қутқарув ишларининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди ва уларни бартараф этиш бўйича қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА