French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қутқарув бўлинмасининг фавқулодда ҳолатларга шайлиги намойиш этилди
19:28 / 2026-01-09

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Нукус шаҳар 1-Қутқарув бўлимида “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Халқ ва армия бир тану бир жондир” шиори остида пресс-тур ташкил этилди.

Тадбирга оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ёшлар таклиф этилиб, соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг маълумот берилди.

Таъкидланганидек, объектларда ва фуқароларнинг хусусий турар жойларида ёнғин ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш борасида доимий равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ёнғин ёки фавқулодда вазиятлар содир бўлганда уни бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг тез ва самарали бўлиши учун мунтазам равишда ўқув-машғулотлари ўтказилиб, бундай вазиятларда керак бўладиган техникалар ва зарур асбоб-ускуналарнинг созлиги таъминланмоқда. Бўлинмада шахсий таркиб учун ҳам барча қулай шароит яратилган.

[gallery-27043]

Тадбирда фавқулодда вазиятларни бартараф этишда қўлланиладиган техника ва асбоб-ускуналар кўргазмаси ташкил этилиб, мутахассислар томонидан улар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбир доирасида ходимлар томонидан амалий ва кўргазмали машғулотлар намойиш этилди.

– Сўнгги йилларда қутқарув бўлинмалари фавқулодда вазиятларни бартараф этишда энг замонавий техника ва асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда,– дейди Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар хизмати бошлиғи, майор Айбек Абдираҳманов. – Тадбирдан кўзланган мақсад амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан замонавий техника ва асбоб-ускуналар ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишдир.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ходимларга яратилган шароитлар, навбатчи-диспетчерлик хизмати томонидан фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш жараёнлари билан танишишди. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар, хавф-хатарлар ёки кутилмаган муаммолар юзага келганда,  уларни тезда бартараф этиш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари