Янгиликка интилиш, ҳар бир соҳада халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган янгиликлар яратилиши Янги Ўзбекистонга хос хусусиятга айланди.
Янгиланган Конституциянинг жорий йилда халқимиз томонидан маъқуллангани ва кучга киргани эса муҳим қадамлардан бири бўлди.
Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритган, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов билан янги таҳрирдаги Бош қомусимизни ишлаб чиқиш жараёни ва халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу бош ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
– Қутбиддин Нукриддинович, янгиланган Конституция ишлаб чиқилишида бевосита иштирок этгансиз. Бу жараён қандай кечган?
– Конституция бутун давлатни бошқариш, халқнинг ҳаёти билан бевосита боғлиқ ҳужжат. Давлатдаги барча ички ва ташқи сиёсатни белгилаб берадиган, инсонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат тизимини белгилаб берадиган Асосий Қомусдир.
Асосий қонун бўлишининг сабаби, бошқа қонунлар мана шу қабул қилинган Конституцияга асосан қабул қилиниши керак. Агар Конституцияга тўғри келмаса, бундай қонун бекор қилиниши Конституциянинг ўзига назарда тутилган. Демак, бу Асосий қонун ва унинг бажарилиши мажбурийдир.
Ўзбекистонда барча ривожланган давлатлар каби қонун устуворлигини таъминлаш асосий вазифа ва мақсадимиз ҳам шу. Зеро, қачонки, қонун устуворлиги таъминланган тақдирдагина халқ тинч ва осойишта яшайди. Мақсад қилиб қўйилган демократик ўзгаришларнинг ҳаммасига эришилади.
Конституция нима учун янги таҳрирда қабул қилинди, деган табиий савол туғилади. Конституцияни қабул қилинган вақтда ва унга қадар жуда кўп савол-жавоблар бўлди. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Бу жараёнда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат аъзолари жуда фаол қатнашди.
Конституция лойиҳаси матбуотда эълон қилинганидан кейин халқимизнинг қизиқиши биз ўйлагандан кўра юқорироқ даражада бўлди. 220 мингдан ортиқ таклиф ва фикрлар билдирилди. Ҳар бир таклиф жуда катта эътибор билан ўрганилди.
Айтиб ўтиш керакки, халқимизнинг бу фаоллиги келажак ҳаёт Конституция билан боғлиқ эканини яхши тушуниб етгани туфайли бўлди. Кейинги йилларда бўлаётган ўзгаришлар, биринчи навбатда, халқимизнинг дунёқараши, сиёсий баҳо бериши ўзгарганида яққол кўзга ташланди.
Конституцияни тайёрлаш жараёнида дунёнинг жуда кўп ривожланган давлатларининг конституциялари ўрганилди. Олимларимиз, мутахассисларимиз чет элларга бориб, кўплаб муҳокамаларни амалга оширди. Шунинг учун ҳам Конституциямиз жуда кўп халқаро ҳуқуқ нормалари талабларига жавоб берадиган даражада экспертизадан ўтказилди.
Хулоса қилиб айтганда, экспертиза хулосаларига асосан демократик ривожланишда кетаётган давлатнинг ҳақиқий Конституцияси, деб эътироф этилди. Нафақат бугунги кун, балки узоқ муддатга мўлжалланган стратегик талабга жавоб берадиган Конституция, деб тан олинди.
Конституция лойиҳасини Қонунчилик палатаси ва Сенат навбати билан кўриб чиқиб, қабул қилиш ваколати бор эди. Лекин, шунга қарамасдан, юқорида айтиб ўтилганидек, аҳолидан 220 мингдан ортиқ таклиф тушгани учун Президентимиз уни Халқ Конституцияси қилайлик, деган фикрни билдирди.
Бу комиссия аъзолари томонидан жуда катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Чунки ҳақиқатда Конституцияда халқимизнинг фикри, талаби, илтимоси, баъзи эътирозлари ҳам ҳисобга олинди.
Шунинг учун ҳам тарихимизда биринчи марта референдум ўтказиш йўли билан, халқнинг берган овози билан Конституция қабул қилинди.
Конституцияга бевосита тўхталадиган бўлсак, у 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат. Ҳар бир бобида давлатимизнинг, халқимизнинг, жамиятимизнинг ҳаёти қандай олиб борилиши, талаб ва мажбуриятлар аниқ белгилаб берилди.
Шуни фахр билан айтиш мумкинки, Конституциямизнинг 1-моддасида мазкур ҳужжат моҳияти аниқ очиб берилган. Яъни, Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгиланган. Мана шу бешта қоида асосида Ўзбекистоннинг қандай давлат эканини аниқ билиш мумкин.
Яъни, мустақил давлат дегани, қўриқланадиган, қўшни давлатлар билан келишилган ҳақиқий чегараси бор давлатдир. Демократик давлат деганда эса, очиқлик таъминланган, ривожланаётган жамиятимизни айта оламиз. Бу нафақат халқимиз, балки дунёда эътироф этилмоқда. Кейинги пайтда Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида қилинаётган ишларни тан олмаган давлатнинг ўзи қолмади, менимча.
Қайси давлатга борсак, Ўзбекистонданмиз, десак, сизлардаги ўзгаришларни кўриб биз ҳавас қиляпмиз, деган фикрларни эшитяпмиз.
Айниқса, қўшнилар билан борди-келди муносабатлари яхши йўлга қўйилгани, нафақат илгари бекитилган чегара божхона постлари, балки янги қўшимча постлар очилгани қардош халқларни жуда мамнун қилди. Ўзбекистонда бўлаётган бошқа ўзгаришлар, фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик берилиши ҳам улкан воқелик бўлди. Буларнинг барча демократик ўзгаришлар, Президентимиз бошчилигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир.
Алоҳида эътироф этиш керакки, Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлиги Бош қомусимизда белгиланди. Аслида Конституциянинг асоси ва пойдевори ҳам ҳуқуқдир.
Президентимиз ташаббуси билан бошқа давлатларнинг Конституцияларида умуман бўлмаган ҳолатлар бизнинг Конституциямизга киритилди. Бунга дунёнинг ривожланган давлатлари мутахассислари ҳам ниҳоятда юқори баҳо берди.
– Ҳуқуқ ҳақида тўхталдингиз, бу йўналишда Бош қомусимизда кўзда тутилган инсон ҳуқуқларига хизмат қилувчи, дунёдаги бошқа Конституциялардан фарқ қилувчи жиҳатлар қайсилар?
– Конституцияда юқорида айтилганидек, Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлиги мустаҳкамланди. Бу жуда кенг маъно ва қамровга эга. Ўзбекистонда қилинган ва келажакда қилинадиган ишларнинг стратегияси белгилаб берилди.
Конституцияни қабул қилишдан олдин ҳар бир соҳада чуқур таҳлил қилиш ишлари олиб борилди. Шу асосда келажакда амалга ошириладиган ишлар белгиланди.
Бу ишларнинг қамрови кенглиги учун уларнинг фақат айримларига тўхталиб ўтамиз.
Бошқа мамлакатлар Конституциясида бўлмаган ижобий ҳолатлар Бош Қомусимизда акс этди. Булардан биттаси – ўлим жазосининг бекор қилингани Конституцияда ўғз ифодасинпи топганидир.
Бошқа давлатларда бундай меъёр агар мавжуд бўлса, фақат жиноят ҳуқуқига оид қонунларда кўрсатилган.
Нима учун бизда бу Бош қомусда акс этганини Конституция комиссияси йиғилишларида айтиб ўтилган. Шундай йиғилишлардан бирида Давлатимиз раҳбари шахсан ўзи қатнашиб, инсонга ҳаётни Оллоҳ бериши, уни олишни ҳам Ўзининг ихтиёрида қолдириш ва бунга аралашмаслик кераклиги қайд этилди.
Бунинг замирида жуда чуқур маъно ётибди. Ҳақиқатан, исноннинг жонига суиқасд қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар шахс бирорта жиноят содир қилса, у фақат суд олдида жавоб бериши керак. Суд уни айбли деб топган тақдирда қонун бўйича жазо берилиши жоиз.
Яқинда Олий суд томонидан оқлов бўйича янги ишлар кўриб чиқилди. Буюк адиб Абдулла Қодирий орадан юз ўтгач оқланди, деб оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.
Ўша вақтларда жуда кўп зиёлиларимиз, бобо ва момоларимиз ноҳақ жавобгарликка тортилган. Президентимиз раҳбарлигида қилинган таҳлил ишларида, архивларни ўрганиш натижасида ҳеч қандай асоссиз, етарли сабаб бўлмаса ҳам қатл қилинганлар борлиги аниқланди.
Сир эмаски, илгари судда оқлов ҳукми чиққанини жуда кам эшитар эдик. Судда оқланадиганлар саноқлигина бўлар эди.
Кейинги йилларда, 2016 йилдан 2022 йилгача эса суд органлари томонидан кўриб чиқилган ишлари натижасида 4 минг 740 нафар шахс оқланган.
Бундан ташқари, энг асосий нарса – бу судда далилга баҳо бериш. Бир шахсни айбдор деб топиш учун суд холис бир нечта далилни исбот қилган тақдирда, амалдаги қонунга ва ўзининг ишончига асосланиб ҳукм чиқариши керак бўлади. Қонун талаби шу.
Энди шундай ҳолатлар бўлганки, тарихда фақатгина ўзи тан олган айб бўйича аждодларимиз жазога тортилган.
Бугунги кунда ҳам ўзгани сақлаб қолиш учун ўзини айбли деб топишни сўрайдиган, яъни нотўғри кўрсатма берадиганлар учраб туради. Мана шундай ҳолатлар бўйича Конституцияга тегишли модда киритилиб, агар айбланувчининг айбини тан олишдан бошқа далил бўлмаса, бу уни айблаш учун далил ҳисобланмаслиги аниқ ёзиб қўйилди.
Бундай қоида ҳам бошқа давлатлар қонунларида бўлиши мумкин, лекин Конституцияларида мавжуд эмас.
Бундай ташқари, яна шундай ҳолат борки, яқин қариндошлари судланганлар давлат ташкилотларига ишга қабул қилинмас эди.
Янгиланган Конституцияда эса бунга бутунлай чек қўйилди, яъни бир шахснинг судлангани унинг яқинларига таъсир қилмайди. Чиндан ҳам, кимдир жиноят содир қилса, унинг яқинлари у билан бирга жиноят содир қилмаганку? Шундай экан, нима учун улар бунинг жабрини чекиши керак?
Президентимиз ташаббуси билан бундай ҳолатларга қомусий асосда чек қўйилди. Буни ва Конституцияда муҳрланган инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган кафолатларни халқимиз катта мамнуният билан қабул қилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/H5upPvzBC6M" title="Қутбиддин Бурҳонов: Ўзбекистондаги муҳим ўзгаришларни тан олмаган давлат қолмади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe> Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), ЎзА мухбирлари