Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган Мирзачўл қандай ўзлаштирилган?
17:47 / 2023-08-29

Мирзачўл Ўрта Осиёнинг марказий қисмида Зарафшон водийсининг шимоли, Нурота тоғларининг шарқий ва жанубий қисмида жойлашган бўлиб, Қизилқум саҳросининг шимолий шарқий бўлаги ҳисобланади.

Мирзачўл жанубда Туркистон тизмаси, жанубий ғарбда Нурота тоғлари, ғарбда Болатоғ, Писталитоғ, шимолий ғарбда Қизилқум чўли, шарқ ва шимолий шарқда Сирдарё билан чегараланган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Сирдарё, Жиззах вилоятлари, Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилояти ва Тожикистоннинг Зафаробод тумани ҳудудларини ўз ичига олади.

Тарихда Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши билан боғлиқ нималарни биламиз? Чўлни ўзлаштириш учун аҳоли кимсасиз ҳудудга сургун қилингани ростми? Кимлар бу бепоён чакалакзорларни макон тутди?

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Гулистон давлат университети Тарих кафедраси доценти Назира Мирзаева билан суҳбатлашдик.

—Аввало нима учун Мирзачўл деб аталишига тўхталсак. Ўрта Осиёнинг қадимги тилларидан “Марзичўл” сўзини катта даштнинг чети, деб таржима қилиш мумкин, — дейди Н.Мирзаева. — Араблар босқинидан сўнг бу сўз ўзгаришга учраб, “Мирзачўл” деб атала бошланган.

“Мирза” сўзи арабчада “жаноб”, “сахий” деган маъноларни билдиради. Мана шу ҳолат айрим тадқиқотчиларнинг “Мирзачўл” сўзини “Сахий дашт” деб таржима қилишга уринишларига асос бўлган.

— Мирзачўлнинг асосий майдони қанча?

— Учбурчак шаклида бўлган Мирзачўл бир миллион гектардан ортиқ кенг ер майдонига эга. Мирзачўл кенг текисликдан иборат бўлиб, у бу жиҳатдан Марказий Осиёнинг бошқа туманларига қараганда афзалликларга эга. Чунки Марказий Осиёнинг ҳеч қаерида суғориладиган деҳқончилик учун қулай бўлган бундай табиий кенг ер майдони учрамайди.

— У ерда кўпроқ қандай аҳоли яшайди?

—Ҳудуднинг турли даврларда ўзлаштирилиши, Россия империясининг кўчирувчилик сиёсати натижасида Мирзачўл аҳолисининг этник таркиби жуда хилма-хилдир. Хусусан, ўзбек уруғлари, қозоқлар, тожиклар, қрим татарлари, украинлар, месхети турклар, қирғизлар, корейслар, арманлар, озарбайжонлар истиқомат қилишади.

—Мирзачўлда яшовчи аҳоли воҳада яшашдан воз кечиб, бошқа ҳудудларга кетиб қолган деган қарашлар бор. Ростдан ҳам шундай бўлганми? Сабаби нимада?

—Мирзачўл тарихий маълумотларга кўра, қадимги ва ўрта асрларданоқ аҳоли яшаши мумкин бўлган ўлка ҳисобланган. Мирзачўл воҳасининг жанубий қисми тоғ олди ёнбағирларида милоддан аввалги I минг йилликларданоқ аҳоли ўтроқлашган. Мирзачўл воҳасида аҳоли Хўжамушкентсой, Шўрбулоқсой, Муғолсой, Тоғобсой, Сармишсой, Сирдарё бўйларида истиқомат қилган. Суғориш тармоқлари яроқсиз ҳолга келиши билан ўтроқ аҳоли ҳудудни ташлаб кетган.

Рус ҳарбий тарихчиси П.П.Шубинскийнинг ёзишича, қадимда Мирзачўл ўзлаштирилиб, суғориш ишлари олиб борилган. У ўлканинг бутунлай бўшаб қолишига Қўқон хонлиги давридаги Бухоро ва Қўқон ўртасидаги тортишувлар сабаб бўлган, деб кўрсатади.

Россия империяси босқинига қадар Туркистоннинг чўл ҳудудларида сунъий суғориш ишлари олиб борилган. Чўлнинг чегара ва тоғадирларнинг пастки қисмларида жойлашган аҳоли сой ва булоқлар сувларидан фойдаланиб, деҳқончилик қилишган. Буғдой ва бошқа тур дон маҳсулотлари экилган.

— Мирзачўлни ўзлаштириш ташаббуси қандай пайдо бўлган?

—XIX асрнинг охири XX аср бошларида Мирзачўл ҳудуди 1 млн.га дан иборат бўлган. Россия империяси бу ерда пахтачиликни ривожлантириш ва империянинг марказий районларидан ерсиз деҳқонларни кўчириб келтириш орқали ўзлаштиришни мақсад қилган. Совет тузуми даврида Ўзбекистонда пахта якка ҳокимлиги сиёсати туфайли ўзлаштириш ишлари амалга оширилган.

1861 – 1865 йилларда АҚШда бўлиб ўтган фуқаролар уруши бу давлатдан олинадиган пахта нархини ошириб юборди, оқибатда рус тўқимачилик фабрикалари оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолди. Бу ҳолат Россия империяси маъмуриятининг Туркистон пахтасига бўлган қизиқишини оширди. Россия империясининг ғарбий ҳудудларида ташкил топган саноат марказлари учун арзон хом ашё манбаини топиш зарур эди. Бу хом ашё манбаи учун Туркистон ўлкаси танланди.

Россия империяси ҳукумати Фарғона водийси, Самарқанд ва Тошкент воҳаларига туташган Мирзачўлга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Рус ҳукуматининг Мирзачўлга қизиқиши ортиши сабабларидан яна бири Тошкент билан Самарқандни бир-бирига боғловчи Чиноз–Жиззах йўли энг муҳим савдо ва ҳарбий йўл бўлса-да, унда сув йўқ эди. Бу йўл орқали бўладиган серқатновликни таъминлаб туриш учун унга сув чиқариш зарурати туғилади. Иккинчидан, Мирзачўлнинг бепоён текисликларини қишлоқ хўжалиги учун ўзлаштириш зарур эди. 

Империя маъмурларидан бири А.Кушакевич Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши Туркистон генерал-губернаторлигининг жануб, жанубий-шарққа томон савдо ва сиёсий йўли атрофида аҳолининг зич жойлашувига олиб келади, деб ҳисобларди. Унинг фикрича, бу ерга дастлаб кўчманчилар экин экиш учун келиб ўрнашадилар, сўнгра улар аста-секинлик билан ўтроқ турмуш тарзига ўта бошлайдилар.

Фойдаланилмай ётган унумдор ерларда янги қишлоқлар пайдо бўлиб, ўзлаштирилган ерларда савдо ва саноатнинг ривожланишига туртки бўлиши кутилган эди. Мирзачўлни ўзлаштириш масаласи кун тартибига қўйилгач, кетма-кет лойиҳалар тузилиб, маъмуриятга тақдим этилган. Россия империяси ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини амалга ошира бошлаган ҳарбийлашган бошқарув маъмурияти бошқа соҳаларда бўлгани каби ирригация ишларига ҳам марказдан чақирилган мутахассисларга мурожаат қилишга мажбур бўлган. 

— Мирзачўлнинг шимоли-шарқидаги ерларни суғориш учун канал қурилгани ҳақида тарихчилар кўп бор эслаб ўтишади. У қандай канал эди? 

—1899 йилда инженер–технолог Ф.А.Елистратов Мирзачўлнинг шимоли–шарқида 45 минг десятина ерни суғориш лойиҳасини ишлаб чиқди. 1901 йил 25 сентябрда янги канал қурилиши бошланди. Канал қурилиши 1913 йилга қадар чўзилиб кетди, ҳаттоки дастлабки 7 йил мобайнида  тугалланган лойиҳанинг ўзи ҳам йўқ эди. Маблағнинг етишмаслиги, кредитларнинг кеч ўтказилиши, бундай катта лойиҳани амалга ошириш учун  мавжуд техниканинг қолоқлиги, шунингдек, лойиҳадаги айрим камчиликлар канал қурилиши бўйича ишлар жуда секин боришининг асосий сабаблари эди. 

1906 йилда 45 минг десятина ерни суғориш имконини берадиган янги канал қурилиши учун 140 минг рубл ажратилган. Аммо ишнинг бундай бориши сувга бўлган  эҳтиёжни қондирмагани сабабли маъмурият Николай I канали фаолиятини тубдан яхшилашга қарор қилган.

Пахтага бўлган талабнинг ошиб бориши канал қурилиши ишларини тезлаштиришга олиб келди. Давлат Думасининг аъзоси Н.Л.Скалозубов Мирзачўлга келиб, бу ерда амалга оширилган ишлар бўйича тайёрлаган  докладида воҳанинг шимолий–шарқий қисмини ўзлаштириш ишини ниҳоясига етказиш учун давлат хазинасидан қўшимча маблағ ажратиш лозимлиги кўрсатилган.

Описание: рус 1

— Канал қурилиши учун қанча маблағ сарфланган?

— Рус ҳукумати канал қурилишига қўшимча маблағ ажратишга мажбур бўлган. 1911 йилда канал қурилишининг янги лойиҳаси тасдиқланди. Канал қурилиши ишлари бўйича алоқа йўллари инженери С.Н.Чаевга шартнома бўйича 36 614 963 рубль, 66 копейка ажратилиб, канал қурилишини 1915 йил 1 январгача тугатиш вазифаси қўйилди. С.Н.Чаев ҳам инженер ва ишбилармон эди. У ўз атрофига яхши ташкилотчи, техникани яхши биладиган инженер А.В.Буддасини ёрдамчи қилиб олган, чет элдан 400 минг рубллик техника, шу жумладан экскаваторлар олинган. С.Н.Чаев канал қурилиши ишларини муддатидан олдин ниҳоясига етказди. Туркистон Давлат мулклари ва деҳқончилик бошқармаси унинг аризасига кўра Николай I канали орқали суғориладиган ерлардан 300 минг десятина ер бериш масаласини кўриб чиқиб, аризани қаноатлантирган.

1913 йил 5 октябрда Ўрта Осиё темир йўлининг “Хилково” станцияси ва Бекобод қишлоғи яқинида давлат маблағлари ҳисобидан қурилиши якунланган каналнинг очилиш маросими бўлиб ўтган. 100 километр узунликда бўлган каналга тантанали суратда сув очилган, унга Романов номи берилган. 

Канал 1917 йилдан бошлаб Шимолий Мирзачўл канали деб юритила бошланди. Совет даврида Киров номи билан аталган, бугунги кунда эса “Дўстлик” канали деб номланади.

Описание: тарих 1003

— Айрим манбаларда Мирзачўл чет эл тадбиркорларини ҳам қизиқтириб қўйгани ҳақида маълумотлар учрайди. 

—Мирзачўл нафақат мустамлакачиларни, балки чет эл тадбиркорларини ҳам қизиқтирган. Мирзачўлда пахта етиштиришнинг келажаги америкалик плантаторларни ҳам қизиқтирган. Америкалик ишбилармон Д.Гаммонд бошчилигидаги экспедиция вакиллари 1911 йилнинг 27 мартида Мирзачўлга ташриф буюриб, бу ерда агроном Бушуевнинг тажриба даласи ишлари билан танишган. Америкаликлар шўрхок бўлган ерга каналдан шўр грунт сувлари оқизилаётганини кўриб ҳайрон қолганлар. Америкаликлар Мирзачўлда амалга оширилаётган ўзлаштириш ишларининг аҳволидан қониқмаган.

Гаммонддан кейин француз ва итальян тадбиркорлари ҳам Мирзачўлга қизиқиб қолдилар. Франциялик Филипп Джанни бу ерда тупроқ ишларини олиб бориш учун пудрат шартнома олишга муваффақ бўлган. Италия фуқароси Фара 430 десятина ерни ижарага олган ва керакли миқдорда иш қуролларига эга бўлган. Буларни у чоракор ва коранда маҳаллий аҳолига жуда оғир шартлар билан берган. 

Рус капиталистларининг кескин кураши туфайли 1912 йили чет элликлар Мирзачўлдан воз кечишга мажбур бўлдилар. Шундай қилиб Россия империяси Мирзачўлни ўзлаштириш ишларини арзон маҳаллий аҳоли кучидан фойдаланган ҳолда давом эттираверган.

Мирзачўлнинг бугунги қиёфаси, у ерда олиб борилаётган ишлар хусусидаги мулоҳазалар, яъни суҳбатнинг давомини ЎзА сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали кузатишингиз мумкин.

ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.