Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурувчилар шарафланди
18:19 / 2025-08-10

Ҳар йили юртимизда август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Навоий шаҳридаги “Тинчлик Плаза” тантаналар уйида байрам тадбири ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталиб ўтди.  

Таъкидланганидек, соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида аҳоли пунктларини қуришга комплекс ёндашув, уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, спорт масканлари бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, марказлаштирилган дастурлар доирасида барча манбалар ҳисобидан 1,3 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 302 та объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.  

Биргина Навоий шаҳрида кейинги етти йилда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, 2024 йилда Навоий шаҳри таркибида “Янги Навоий” шаҳарчаси биринчи босқичи қурилиши бошланди.  

Давлатимиз раҳбари 2024 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи давомида “Янги Навоий” шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, нуронийлар ва зиёлилар билан суҳбатлашган ва ўз таклиф ҳамда кўрсатмаларини берган эди.  

“Янги Навоий” шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси учун 1 минг 100 гектар ер Кармана туманидан Навоий шаҳрига ўтказилган. Биринчи босқичда 450 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилади.

Шаҳарчада кўп қаватли уй-жойлар, умумтаълим мактаблари, боғчалар, поликлиника барпо этилади. “Янги Ўзбекистон” боғи, Навоий давлат университетининг янги кампуси қурилади. Шунингдек, шаҳарчада сайилгоҳ, кўнгилочар масканлар, савдо дўконлари, овқатланиш шохобчалари ташкил этилади.  

Тадбирда бир қатор илғор қурувчиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи,ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири