Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуроқчилик — миллий мерос ва замонавий даромад манбаи
17:26 / 2025-07-31

Қуроқчилик миллий ҳунармандчилигимизнинг бетакрор турларидан бири бўлиб, турли хил матолардан майда бўлаклар кесиб олинади ва бир-бирига улаб тикилади. Қуроқ кийимлар ва буюмларни безашда ҳамда рўзғор безак буюмларини тайёрлашда ота-боболаримиз давридан бери қўлланиб келади.

Бугунги кунда ҳам давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 июндаги “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан бу соҳанинг ҳар бир йўналишини алоҳида ёндашувлар асосида ривожлантиришга, айниқса, ҳунармандчиликнинг йўқолиб кетаётган турларини, жумладан, қуроқчиликни сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга етказиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда қўлида ҳунари бор тадбиркор хотин-қизларимиз борки, уларга катта имкониятлар эшиги очилди. Шу соҳа вакиллари қуроқдан кўрпа, кўрпача, чойшаб, дастурхон, гилам ва бошқа жиҳозларни тикмоқда. Ҳатто, каштачилик йўналиши ҳам қуроқчилик билан уйғунлаштирилиб, сўзаналарда ажойиб санъат намуналари яратилмоқда. 

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида яшовчи Турсуной опа Тошпўлатова ҳам 50 йилдирки қуроқ тикиб келади. Касбининг ортидан даромад топиб, 3 нафар фарзандини оқ ювиб, оқ тараб улғайтирди, ўқитиб, олий маълумотли қилди. 

– Қуроқчилик менга момомерос касб ҳисобланади, – дейди Турсуной опа. – Бувимнинг, онамнинг бир-биридан бежирим қуроқлар тикишларини кўриб улғайдим. Менинг ҳам бу ҳунарга меҳрим тушди. Йиллар давомида касбимни пухта эгаллашга, замонавийлик билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилдим. Президентимизнинг фармонларидан кейин қуроқчилик яна жонланди ва бундан кўнглим ёришди. Пандемия даврида давлатимиз раҳбари билан кўришганимда меҳнатим намуналарини кўриб, юксак баҳо бердилар. Қуроқчиликни қайта тиклаш кераклигини айтдилар. Бундан руҳланиб, қуроқчиликни ривожлантиришга қаттиқ киришдим. Мана 4-5 йилдирки, ижодий ишларим билан халқаро кўргазмаларда қатнашиб келяпман.

Турсуной опа ҳаёти ва фаолиятини шу маданий меросни сақлаш, қайта тиклаш, уни умумжаҳон маданий меросининг бир қисми сифатида дунёга машҳур қилишга бағишлаётир. У касби юзасидан Россия, Туркия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларда кўргазмаларда иштирок этди. Ўз билими ва тажрибаларини бўлишиш мақсадида хорижий давлатларнинг университетларида қуроқчилик бўйича ёш ҳунармандларга дарс берди. Бугунги кунда 50 дан ортиқ шогирдларнинг устози саналади. 

– Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида тикувчилик цехи очиб, ўнга яқин иш ўрни яратдим. Ҳозир юртимиз аҳолисининг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб миллий либослар, кўрпа-тўшак тикамиз. Бизнинг ишимизга хорижликлар ҳам қизиқиш билдириб, тиккан либосларимизни харид қилиб, Ўзбекистон ҳунармандчилиги намунаси сифатида ўз юртларига олиб кетади. Шундан ҳам билса бўладики, қуроқчилик касби қадимда қанчалик эъзозланган бўлса, бугун ҳам худди шундай ардоқли. Бу ҳунарни эгаллаган аёл оиласи, фарзандлари тарбиясидан ажралиб қолмайди, уйдан чиқмаган ҳолда кунига 4-5 соат вақт ажратса, яхшигина даромад топади. Шу боис, қизларимиз, келинларимиз орасида бу соҳага қизиқиш катта. Қизим Наврўзахон менга ҳавас қилиб дизайнерлик касбини танлади. Ҳозирда қуроқдан нима тиксам ёки нимага безак берадиган бўлсам у билан маслаҳатлашаман. Қуроқларимиз айниқса, келинчакларимизнинг сепини безамоқда.

Ўзбек аёли хоҳласа, унга 40 ҳунар ҳам оз. Қаҳрамонимиз ҳам қуроқчилик билан биргаликда ҳисобчи, тикувчи ва ошпазлик касбларини ҳам бошини тутган.

Дарҳақиқат, қуроқчилик нафақат миллий меросимизнинг ажралмас қисми, балки иқтисодий жиҳатдан даромадли, ижтимоий аҳамиятга эга ҳунарга айланмоқда. Давлат томонидан яратилаётган шарт-шароитлар, ҳунармандларга берилаётган имкониятлар натижасида бу соҳа янада ривожланмоқда. 

Гувоҳи бўлганимиздек, Турсуной опа Тошпўлатова каби чеварлар ўз меҳнати ва ташаббуси билан нафақат оиласига, балки жамиятга ҳам манфаат келтирмоқда. Қуроқчилик аёлларнинг ўзини ўзи банд қилишда, миллий қадриятларимизни сақлашда ва келажак авлодга етказишда муҳим воситадир.

Гулноза Бобоева, ЎзА