Қуролни яширинча олиб киришга уринганлар тўхтатиб қолинди
Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига фуқаро бошқарувида кириб келган автотранспорт воситаси божхона ходимлари томонидан белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада мазкур автотранспорт воситасининг юкхонасида божхона назоратидан яширилган 1 дона “Макаров” русумли тўппонча, 2 дона тиғли совуқ қурол, турли хил ҳарбий анжомлар ҳамда 3 дона полиэтилен пакетда қуритилган гиёҳлар борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, олиб чиқиш ҳамда республикамиз ҳудуди орқали транзит равишда олиб ўтиш тегишли органлар рухсатномаларига кўра амалга оширилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА