Мамлакатимизда ўқотар қурол ва унинг ўқ-дорилари ноқонуний муомаласининг олдини олиш, уларни ихтиёрий равишда топширган шахсларни тақдирлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳада амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий механизмларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилиб, ўзаро мувофиқлаштирилмоқда.
Жумладан, 2025 йил 25 мартда “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Рўйхатга олинмаган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, портловчи материаллар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш ҳамда ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини топширганлик учун тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 2023 йил 25 июлдаги 310-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, тегишли низомга ўқотар бўлмаган (пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш) қурол турларига доир тушунчалар киритилди.
Ички ишлар органлари томонидан қабул қилинган ўқотар қурол ва унинг патронларини криминалистик ҳамда марказлашган ахборот-қидирув тизимлари орқали ўрганиш ва дастлабки текширувларни ташкил этиш механизмини ўқотар бўлмаган қурол турларига татбиқ этиш белгиланди.
Ўқотар бўлмаган қурол турларини ўз ихтиёри билан топширганлик учун пул мукофоти билан тақдирлаш амалиёти жорий этилди.
– Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва асосий қисмларни топшираётган шахслар бор, – деди Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати ходими Сухроб Шомансуров. – Масалан, Андижон шаҳар “Ёрбоши” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1998 йилда туғилган, муқаддам судланмаган фуқаро М.С. Андижон шаҳар Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлинмаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, таниши қарз олганини, эвазига эса ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган “Baikal” МР-512 русумли пневматик қуролни гаров сифатида бериб кетганини маълум қилиб, уни ихтиёрий равишда топширган.
Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласида яшовчи фуқаро А.К. Зангиота туманидаги дала ҳовлида эски бинони бузаётган вақтида том қисмидан жигарранг қопга ўралган, бир дона ИЖ-18 русумли, 1 стволли, 16 калибрли ов қуролини топиб олган. У қуролни ўз ихтиёри билан ички ишлар органига топширган.
2025 йил давомида 2000 нафардан ортиқ фуқаро ўз хоҳишига кўра 2012 дона ўқотар қуролни топширган. 2026 йилда эса 187 нафар фуқаро 104 ов қуроли ҳамда қуролнинг асосий қисмларини ички ишлар органига топширган. Топширилган қуроллар қиймати ва ҳолатига қараб, уни топширган шахсларга пул мукофотлари берилган.
Н.Абдураимова, ЎзА