Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуролли Кучлардаги ислоҳотлар: Чирчиқда ОАВ учун "пресс-тур" ташкил этилди
17:30 / 2026-01-31

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Қуролли Кучларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган замонавий, ихчам ва юқори ҳаракатчан миллий армия шаклланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 декабрдаги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек, Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда ҳарбий қисм ва муассасаларда яратилган шарт-шароитлар билан жамоатчиликни таништириш мақсадида жорий йилнинг 30 январь куни Чирчиқ шаҳрида пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-турда вазирлик ва идораларнинг ахборот хизмати раҳбарлари, ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди. Дастур доирасида иштирокчилар Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи, Қуролли Кучлар Махсус операциялар кучларининг дала-ўқув полигони ҳамда Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети таркибидаги Қуруқликдаги қўшинлар институти фаолияти билан танишдилар.

Пресс-турнинг илк манзили Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи бўлди. Давлат раҳбари ташаббуси билан бу ерда амалга оширилган модернизация ишлари натижасида замонавий, юқори технологик ишлаб чиқариш бўлинмалари ташкил этилган.

Завод ҳудудида МДҲ ва минтақада ягона бўлган «Airbus» русумли вертолётларга хизмат кўрсатиш маркази фаолият юритмоқда. «Airbus» компанияси томонидан сертификатланган ушбу марказда H-125, H-130 ва H-215 русумли вертолётларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашнинг тўлиқ цикли йўлга қўйилган.

[gallery-27404]

Шунингдек, Су-25 ҳарбий самолётларини капитал таъмирлаш ва чуқур модернизация қилиш жараёнлари намойиш этилди. Натижада авиация техникаси замонавий навигация тизимлари, тунги кўриш ускуналари ҳамда ўзини ҳимоя қилиш борт мажмуалари билан жиҳозланмоқда.

Қатнашувчилар Махсус операциялар кучларининг замонавий дала-ўқув полигонида ҳам бўлдилар. Халқаро стандартлар асосида ташкил этилган ушбу мажмуада жанговар тайёргарлик машғулотлари учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган.

Бу ерда ҳарбий хизматчилар замонавий жанговар ва махсус тайёргарлик усулларини амалда қўллаб, касбий маҳоратини оширмоқда. Рақамли технологиялар асосида кичик командирларнинг мустақил қарор қабул қилиш ҳамда бошқарув қобилиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Иштирокчилар бўлинмалар иштирокида ўтказилган машқларни кузатдилар.

Пресс-турнинг сўнгги манзили Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети таркибидаги Қуруқликдаги қўшинлар институти бўлди. Президент ташаббуси билан жорий этилган марказлашган ҳарбий таълим тизими доирасида мазкур институт замонавий жанговор кўникмаларга эга офицерларни тайёрлашга ихтисослашган.

[gallery-27405]

Айни пайтда институтда 13 та кафедрада қарийб минг нафар курсант таҳсил олмоқда. Таълим жараёни дуал тизим — «50 фоиз назария, 50 фоиз амалиёт» тамойили асосида ташкил этилган. Иштирокчилар «Шон-шараф» майдони, «Рақамли полигон», «Мафкуравий полигон» ҳамда замонавий ўқув аудиториялари билан танишдилар.

Иштирокчиларга ҳарбий мутасаддилар Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий таълим ва тайёргарлик тизимида яратилган шарт-шароитлар мамлакат мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Ҳамроз Баянов, ЎзА