Бугунги тинч-осойишта ҳаётимиз ҳамда мамлакатимизнинг барқарор равишда ривожланиб боришида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизими муҳим ўрин тутади. Қуролли Кучларимиз бўлим ва қисмлари давлатимизнинг миллий манфаатларини, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳамда аҳолининг тинч-осуда ҳаётини ҳимоя қилишда кечаю кундуз тинимсиз хизммат қилиб келмоқда.
Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ва ҳарбий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда эришилган натижалар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Козим Тожиев ЎзА мухбирига батафсил сўзлаб берди:
— Бугунги кунда дунёда кечаётган геосиёсий зиддиятлар, глобал беқарорлик ва ҳарбий таҳдидларнинг шакли ўзгариб бораётган шароитда ҳар бир давлат ўз миллий хавфсизлик тизимини доимий равишда такомиллаштириб бориши табиий заруратга айланди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Қуролли Кучларини ривожлантириш, уни замонавий таҳдидларга мос, ҳаракатчан ва юқори технологик тузилмага айлантириш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Қуролли Кучларимиз бугун нафақат мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигининг кафолати, балки халқимизнинг миллий ғурури, ватанпарварлик руҳи ва давлат қудратининг амалий ифодасига айланди. Армияга бўлган ишонч ва эътиборнинг ошиши, “Армия ва халқ — бир тану бир жон” тамойилининг ҳаётга татбиқ этилиши мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим натижаларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда ҳарбий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар комплекс, тизимли ва мақсадли характер касб этди. Аввало, Қуролли Кучларни бошқаришнинг институционал ва функционал асослари қайта кўриб чиқилиб, қўшинлар тузилмаси замонавий ҳарбий низолар тажрибаси, гибрид таҳдидлар хусусияти ҳамда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда оптималлаштирилди.
Қўшинларни бошқаришда стратегик ва оператив даражаларда марказлашган қўмондонлик принциплари жорий этилиб, тезкор қарор қабул қилиш, қўшинлар ҳаракатини мувофиқлаштириш ва жанговар вазифаларни самарали ижро этишга қаратилган замонавий бошқарув механизмлари шакллантирилди. Бу ислоҳотлар кескин ўзгарувчи оператив шароитда ва юқори ҳаракатчан муҳитда қўшинларнинг ўз вақтида ҳамда самарали жавоб қайтариш қобилиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Миллий армияни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника воситалари билан таъминлаш бўйича ҳам ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Қуролли Кучлар таркибига янги авлод ҳарбий техникаси, юқори аниқликдаги қурол тизимлари, разведка ва кузатув воситалари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Қуролли Кучларни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш давлат мудофаа сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралиб, улардан фойдаланиш тактикаси, хизмат кўрсатиш ва қўшин тизимига мослаштириш масалаларига комплекс тарзда ёндашилмоқда. Натижада армиянинг жанговар салоҳияти сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Қуролли Кучларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновациялар билан таъминлаш ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Рақамли бошқарув тизимлари, автоматлаштирилган қўмондонлик ва алоқа воситалари, ахборот алмашинувининг ягона платформалари жорий этилиб, қўшинлар ўртасидаги ҳамкорлик ва мувофиқлашув сезиларли даражада ошди. Бу эса қарор қабул қилиш тезлиги, ахборотларни қайта ишлаш ва таҳдидларга нисбатан самарали жавоб чораларини кўриш имкониятларини таъминламоқда. Ҳарбий қисмларда замонавий симуляция ва тренажёрлар асосида тайёргарлик ўтказиш амалиётининг жорий этилиши шахсий таркибнинг касбий маҳорати, амалий кўникмалари ҳамда жангга тайёрлик даражасини изчил оширишга хизмат қилмоқда.
Ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида маҳаллий ҳарбий-саноат комплексини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. 2017 йилдан бошлаб ушбу соҳада босқичма-босқич ишлар амалга оширилиб, мудофаа саноати корхоналари модернизация қилинди, ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилди.

Қуролли Кучларни ривожлантиришда инсон капитали масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш, офицер ва сержантлар корпусини замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хизмат ва яшаш шароитларини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар хизматга бўлган масъулият ва садоқатни янада мустаҳкамламоқда.
Қуролли Кучларни изчил ривожлантиришда шахсий таркибнинг касбий салоҳияти ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу боис ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш, офицер ва сержантлар корпусини замонавий ҳарбий билимлар, амалий кўникмалар ва замон талабларига мос тайёргарлик билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторига киритилди. Бу йўналишда ҳарбий таълим муассасалари фаолияти қайта кўриб чиқилиб, ўқув жараёнларига илғор тажриба ва замонавий методикалар жорий этилмоқда.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳам Қуролли Кучлар фаолиятининг муҳим йўналишига айланди. Ҳарбий қисмларнинг ёшлар учун очиқ бўлиши, Темурбеклар мактабларининг ташкил этилгани, умумтаълим мактабларида чақириққача бошланғич тайёргарлик тизимининг ривожлантирилиши армия ва халқ ўртасидаги узвий алоқани кучайтирмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мудофаа сиёсати йўналишидаги ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар бугун мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигига замин бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА