English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуролли Кучлар академиясида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун муносабати билан анжуман ўтказилди
16:10 / 2022-02-12

Заҳириддин Муҳаммад Бобур мумтоз адабиётнинг йирик вакили, шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби ҳамда буюк саркарда сифатида бутун дунёга машҳур.

Унинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ва ўлмас ғоялари халқимиз қалбидан мустаҳкам жой эгаллаганлиги ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, саркарданинг миллий давлатчиликни қуриш, комил инсон, ахлоқ-одоб, таълим-тарбия, қўшинни бошқариш, жангчи тарбияси билан шуғулланиш тўғрисидаги илғор фикрлари, шунингдек, ўз юришларида қўллаган стратегияси асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмасдан миллий ўзлигимизни англаш, ёш авлодни тарбиялаш ҳамда ҳарбийларнинг жанговар руҳини янада юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда.

Буюк саркарда таваллудининг 539 йиллиги муносабат билан Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театри билан ҳамкорликда “Буюк давлат арбоби ва ҳарбий саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ўрта аср Шарқ маданияти, ҳарбий санъати, адабиёти ва шеъриятига қўшган ҳиссаси” мавзусида онлайин анжуман ўтказилди.

Тадбирда Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, шоир Нодир Жонузоқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Муқимий номидаги мусиқали драма театрининг олий тоифали солист-вокалисти, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат тарғиботчилари жамияти” аъзоси Турғун Бекназаров, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов ҳамда академия профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Тадбирга ўқувчи-ёшлар ҳам таклиф этилди ва улар учун Қуролли Кучлар академияси бўйлаб экскурсия ҳам ташкил этилди.

Алимардон ЎТАПУЛАТОВ