Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси томонидан оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил этилди.
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 апрелдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси (собиқ Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти) янгидан барпо этилди.
Бугунги кунда мазкур олийгоҳда юқори бўғин қўмондонлик офицерларини тайёрлаш ва Қуролли Кучлар таркибини ҳар томонлама етук, малакали офицер кадрлар билан бутлаш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
Академияда умумқўшин, ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги қўшинларига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети ва Ички ишлар вазирлиги ҳарбийлашган бўлинмалари мутахассисларини тайёрлаш бўйича 17 та кафедра фаолият юритмоқда.
Шунингдек, академия профессор-ўқитувчилари томонидан бўлинмаларни моҳирона бошқара оладиган, раҳбарлик, ташкилотчилик ва педагогик фаолият кўникмаларига эга, миллий мустақиллик ғояларига садоқатли, кенг савияли, интеллектуал салоҳиятли, лидерлик қобилияти юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда.
Академияда шахсий таркиб учун барча имкониятлар, 4000 дан ортиқ китобга, интернет ва 15 мингдан ортиқ электрон адабиётларга эга Ахборот-ресурс маркази фаолият юритади. Марказ академия фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, академиянинг музейида ҳам 100 йилдан ортиқ тарихга эга экспонатлар ва қўлёзмалар мавжуд.
Ушбу ўқув маскани мамлакатимиздаги етакчи илмий таълим муассасаларида тўпланган фаолият тажрибасини ўзига қамраб олган ҳолда, ҳарбий таълимнинг ягона тизимида асосий ўринни эгаллаб, том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланди.
Мазкур олийгоҳда ёш офицерларни тайёрлаш, қўшинларда хизмат ўтаётган офицерлар малакасини ошириш, шунингдек, бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш ишлари муваффақиятли амалга ошириляпти. Мазкур вазифаларни бажариш учун таълим жараёнига энг янги усул ва технологиялар жорий этилиб, ўқув аудиториялари замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланган.
[gallery-5207]
Пресс-тур давомида бугунги кунда Қуролли Кучлар академияси мазмун жиҳатидан тубдан ўзгарганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, аудиториялар компьютер техникаси, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган. Замонавий ситуацион марказ, тренажёрлар ташкил этилган. Курсантларнинг ўқиши ва жанговар машғулотлар ўташи, спорт билан шуғулланиши учун қўшимча имкониятлар яратилган.
Ўқув биносида ҳарбий техниканинг асосий намуналари бўйича динамик компьютер тренажёрлар имкониятлари намойиш қилинди. Ундан академия курсантларининг ихтирочилик ва инновацион ишланмалари ўрин олган.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси (собиқ Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти) янгидан барпо этилди, – дейди Мудофаа вазирининг матбуот котиби — ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Баҳром Зулфиқоров. – Академия Марказий Осиёдаги энг зўр ҳарбий билим юрти ҳисобланади. Мазкур олийгоҳнинг халқаро майдонда ҳам нуфузи юқори. Мазкур олийгоҳда ҳарбийларимиз, курсант ва тингловчилар энг илғор, инновацион билим ва кўникмаларни эгаллаши, соҳа бўйича дунёдаги янгиликлардан хабардор бўлиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Тарихдан маълум Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби аждодларимиз жанг санатини мукаммал билган. Буни бутун жаҳон тан олади. Шу боисдан, олийгоҳда ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш борасида миллий ҳарбий санъат тарихи чуқур ўргатилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА