Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуролдан кўра, музокара зарур... Давлатга хиёнат...
12:12 / 2023-02-03

Россия – Украина

Бугун, 3 февраль куни Киевда ЕИ-Украина саммити бўлиб ўтади. Унда Украинанинг ЕИга кириши, мавжуд зиддиятнинг тинч йўл билан ҳал қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги сингари қатор масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Саммитда Европа кенгаши ва Европа комиссияси раислари Шарль Мишель ва Урсула фон дер Ляйен, ЕИ бош дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель, шунингдек, 14 еврокомиссарлари иштирок этишади.  

Кеча эса Президент Владимир Зеленский ва Урсула фон дер Ляйеннинг учрашуви бўлиб ўтди. “Украинанинг евроинтеграцияси бўйича муҳим икки кун бошланяпти”, деб ёзиб чиқди украин етакчиси ижтимоий тармоқларидаги ўз саҳифасида.

Боррель 30 минг украиналик ҳарбийларни ўқитиб беради, деб баёнот берди. Шунингдек, европалик расмий ЕИ мамлакат ҳудудини минадан тозалаш учун 25 миллион евро ажратилганини маълум қилди.

Европарламент ЕИ мамлакатларини Россия учун навбатдаги ўнинчи санкция пакетини зудлик билан қабул қилишга, шунингдек, Европада ҳалиям фаолият кўрсатаётган компаниялар, хусусан, "Лукойл" ва “Росатом”ни чиқариб юборишга, нефть ва газ импорти билан бирга рус уранидан воз кечишга чақирди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс “Украина зиддиятида олти ой анча кескин бўлиши ҳақида гапирди”. Бу ҳақда “CBS” телевидениеси шарҳловчиси Оливия Газис маълум қилди.

Бундан ташқари, Бернс Москванинг ҳалигача зиддиятни ҳал этиш масаласида музокаралар ўтказиш юзасидан жиддий фикри йўқлигини билдирди.  

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Вашингтон Украина можаросини ҳал этиш бўйича музокаралар бошлаши керак, Киевга ҳарбий ёрдам бериш масаласида мўътадил ёндашувни қўллаши лозим, деди америкалик радиожурналист Хью Хьюитт билан суҳбатда.

Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре Украина атрофидаги инқироз ҳақида гапириб, “биз Россия ҳукумати билан дон шартномасининг бажарилиши, ҳарбий асирларни алмашиш, ядро хавфсизлиги ва бошқа масалаларда музокаралар олиб бориш учун алоқаларни тиклашимиз керак”, деб баёнот берди.  

Сербия Украина воқеаларини анча холис баҳолаб келмоқда, инқироз томонларини айблашда ҳам тегишли меъёрга амал қилмоқда. Бу ҳақда Сербия Президенти Александар Вучич Скупшинаи (парламент)нинг махсус йиғилишида айтиб ўтди.  

“Бугун биз ўзига хос бўлган учинчи жаҳон урушига гувоҳ бўлиб турибмиз, келгуси кунлар, ҳафталар ва ойларда ваҳимаси бугунгидан янада каттароқ, кенгроқ ва оғирроқ бўлади”, деб башорат қилди.

Корея Республикаси Украинага ҳалокатли қурол етказиб беришнинг мумкин эмаслиги тамойилига амал қилиб келмоқда, деди мамлакат Миллий мажлиси (парламенти)нинг халқаро ишлар қўмитаси раисининг ўринбосари Тхэ Ён Хо.

Болгария ва Венгрия Президентлари Румен Радев ва Каталин Новак қўшма матбуот анжуманида Украина атрофидаги ҳодисалардан хавотирда эканликларини билдиришди.  

“Инқироз глобал иқтисодий тўқнашувни кучайтирмоқда, у бутун Европага таҳдид солмоқда. Биз қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтириш билан можарони ҳал этишга эришиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Ҳарбий амалиётларни тўхтатиш учун музокаралар бошлашни таклиф этамиз”, деди етакчилар.

Украина давлат қидирув бюроси шу кунларда “миллий хавфсизлигимизга қарши жиноятлар бўйича бир минг икки юздан ортиқ иш  кўриб чиқилмоқда”, деб маълум қилди мазкур муассаса ижтимоий тармоқлардаги саҳифада.

“Уларнинг аксарияти давлатга хиёнат бўйича жиноий иш қўзғатилган”.

532 гумондорга айблов ва 300 дан ортиқ кишига қидирув эълон қилинган, дейилади  хабарда.

 

Аброр ХОН, ЎзА