Россия-Украина
НАТО таркибига янги мамлакатлар қўшилиши Украина зиддиятини кучайтиради. Бу ҳақда “Politico” газетасига интервьюсида АҚШ президентлик сайловида иштирок этиш ниятини билдирган тадбиркор Вивек Рамасвами айтиб ўтди.
“Биламан, бу гап ноўрин, аммо ҳақиқат: НАТОнинг кенгайиши фалокат келтиради”, деди у.
Қўшма Штатлар Мудофаа вазирлиги Украина “расман” қарши ҳужумни бошлади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда “Politico” ўз манбаларига таяниб маълум қилди. Нашр Америка ҳарбий йўлдошлари Украина ҳарбийлари фаоллашганини қайд этганини ёзган.
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Киев “айрим йўналишлар бўйича” ҳужум ҳаракати бошлаганини айтди.
АҚШ президентлигига номзод кичик Роберт Кеннеди Украинада Америка биологик лабораториялари борлигини тасдиқлади.
“Бизнинг бутун дунёда, хусусан Украинада ҳам лабораторияларимиз бор, ушбу манзилларда барча турдаги биологик қурол ишлаб чиқарилади”, деди у.
Кардинал, Италия епископлар конференцияси раҳбари Маттео Зуппи Рим Папаси Франциск вакили сифатида Киевга етиб келди. У кейин Москвага боради. Бу ҳақда ватикандаги манба хабар берди.
Бельгия Бош вазири Александер Де Кроо Украинага берилган қурол-аслаҳа фақат мудофаа мақсадида қўлланиши керак, деди “Radio 1”га интервьюсида.
– Бизда жиддий назорат механизми бор, – деган у. – Мудофаа вазирлиги ва Разведка хизмати Киевнинг Россияга қарши Бельгия қуроли қандай ишлатилганини аниқлаш учун суриштирув бошлади.
Запорожьедаги МАГАТЭ экспертлари Бош директор Рафаэль Гроссини АЭСда хавфсизлик бўйича вазиятдан хабардор қилиб туришади. Ҳар қандай қоидабузарлик ошкора эълон қилинади. Бош котиб баёнотига кўра, бу тамойил Москва ва Киев билан узоқ маслаҳатлашувдан кейин ишлаб чиқилган.
“Кейинги пайт АЭС атрофида ҳарбий ҳаракат кўпайган”, дея қўшимча қилди у.
Украина ёзда бошланадиган қарши ҳужум чоғи қирувчи “F-16”дан фойдалана олмайди.
Украина мудофаа вазири Алексей Резников “NHK” телеканалига билдиришича, “ҳали учувчи ва муҳандисларни тайёрлашна улгурилмаган, бу учоқлар куз ёки қишда ишга тушади.
Президент Владимир Зеленский Киевда Буюк Британия ТИВ раҳбари Жеймс Клеверли билан учрашув чоғида ҳаво ҳужумига қарши тизимни тезроқ етказиб бериш масаласини муҳокама қилган. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди. Украина етакчиси Лондонда 21-22 июнда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда мамлакатини, жумладан, энергетика ва озиқ-овқат соҳасида тиклаш режасини тақдим этишга ваъда берди.
“Бу хусусда барча вазирлик, идора, муассасалар жиддий иш олиб бормоқда”, деб ёзди Зеленский ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Пойтахтда Киев мэри Виталий Кличконинг эгаллаб турган лавозимини тарк этиши талаб қилинган петиция бўлиб ўтди, деб хабар берди Украина президенти матбуот хизмати. Ташкилотчилар қайд этишича, Кличко ўз мажбуриятини бажармаяпти. Масалан, бомбадан сақланиш жойлари тайёрланмаган, маъмурият коррупция ботқоғига ботиб боряпти.
Айтилишича, давлат раҳбари ушбу талабни кўриб чиқиши учун 25 минг имзо тўпланиши керак. Ҳозирча петицияни 200 киши қўллаган.
Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Украина ҳимоясида 60 мингдан зиёд аёл иштирок этмоқда. Улардан 42 минги ҳарбий хизматчи.
Маълум қилинишича, бу рақам ортиб боряпти. Ўтган йил февраль ойида Украина Қуролли кучлари сафида 30 мингга яқин хотин-қиз бор эди.
Аброр ХОН, ЎзА