Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қурол бериш зиддият чўзилишига олиб келади...
16:27 / 2023-09-21

ЕИ Украинага Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун эмас, фақат ўзини ҳимоя қилмоғи учун қурол-аслаҳа етказиб бермоқда, дея баёнот берди Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель журналистлар билан учрашувда.

– Биз Украинага ўзини, худудини ҳимоя қилиши учун ёрдамлашмоқдамиз, – деди у. – Ҳеч қачон Россияга ҳужумни маъқулламаганмиз. Киевга ўзини ҳимоя қилиши учун қурол етказиб беряпмиз.

БМТнинг қийноқ ва қўпол мунособат масалалари бўйича махсус маърузачиси Элис Жилл Эдвардс АҚШдан Украинага кассетали ўқ-дори жўнатиштўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқишни талаб қилди. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қўшма Штатлар Давлат котиби Энтони Блинкен баёнотига кўра, дунё ҳамжамиятининг бир қисми Россияга қарши ҳаракат, Киевга берилаётган ёрдам туфайли Ғарбга норозилик билдирмоқда.

Болгария Президенти Румен Радев БМТ Бош Ассамблеясининг муҳим вазифаси Украинада тинчликни тиклашга йўл очиш, деди.

- Бизга бақувват сиёсий ирода, дипломатия ва фаол музокара зарур, дея қўшимча қилган у.

Польша Украинага бошқа ҳеч қандай қурол-аслаҳа бермайди, деб баёнот берди “Polsat” телеканалига ҳукумат раҳбари Матеуш Моравецкий.

“Биз ўзимизни энг замонавий қурол-аслаҳа билан таъминламоқдамиз. “Тинчликни истасанг, урушга тайёрлан” тамойилига биноан, кўп буюртма берганмиз”, деди у.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг АҚШ томонидан Киевга берилаётган ёрдам устидан назорат йўқлиги тўғрисидаги хавотирга қарамай, Украинага кўмак давом этади, дея ишонч билдирди. “Bloomberg” агентлигига суҳбатда у “АҚШ ва НАТОдаги иттифоқдошлар Украинани қўллашда давом этади”, деган.

Россиянинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили Василий Небензя ташкилотнинг кўплаб аъзолари Украина Президенти Владимир Зеленский иштирокидаги Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини спектакль, деб баҳолашини айтган.

Зеленский Нью-Йоркда АҚШ собиқ Давлат котиби (1973-1977 йиллар) Генри Киссинжер ва америкалик тадбиркорлар билан Украинани қайта тиклаш масаласини муҳокама қилган, деб хабар берди “CNN” телеканали. Учрашувда миллиардерлар Майк Блумберг, Барри Стернлихт, Роберт Крафт, Билл Экман ҳамда “Google” бош директори Эрик Шмидт ҳам қатнашган.

Ғарб мамлакатлари Киевга қурол-аслаҳа етказиб бериши зиддият чўзилишига олиб келади, деди Эрон Президенти Иброҳим Раисий.

“Украинага НАТО мамлакатлари қурол бермоқда, инқироздан фойда кўраётганлар уруш тугашини истамайди”, деган у.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан Киев учун “зарур эҳтиёж” ва мамлакатлар “хавфсизлиги кафолати” масаласини муҳокама қилган. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқда ёзган.

Австралия Украинанинг Россияга қарши халқаро судга берган даъвосини қўллаган давлатлар сафига қўшилишини маълум қилади, деб баёнот берди ташқи ишлар вазири Пенни Вонг.

Украина Россия қўшинларининг куч ва воситаларига вақтида жавоб бериш учун сафарбарлик тадбирларини фаоллаштирмоғи лозим. Бу фикрни Олий Раданинг Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси котиби Роман Костенко билдирган. Унинг айтишича, ҳозиргига нисбатан янада кенгроқ сафарбарлик бошлаш лозим.

“Сафарбар этилган украиналикларнинг 80 фоизи ҳарбий соҳага мансуб эмас”, деган Костенко.

Аброр ХОН, ЎзА