Сўнгги пайтларда қурилиш соҳасида шартнома шартлари бажарилмаслиги, фуқаролар тўлаган пулларининг қайтарилмаслиги каби ҳолатлар кўп учрамоқда. Ана шундай вазиятда қолган фуқароларнинг ҳуқуқлари Рақобат қўмитасининг аралашуви билан қонун доирасида ҳимоя қилинди.
Рақобат қўмитасига фуқаролар П.М. ва М.Ф. томонидан йўлланган мурожаатда қурилиш шартномаси бажарилмаётгани, шу сабабли тўланган маблағлар қайтарилмаётгани билдирилган.
Маълум бўлишича, фуқаролар 2023 йилда “GRAND COMFORT BUILDING” МЧЖ билан “RABAD” савдо маркази қурилишида иштирок этиш мақсадида шартнома имзолаган. Шартномага кўра, объект 2025 йил февраль ойида фойдаланишга топширилиши керак эди. Бироқ қурилиш ишлари тўхтаб қолган ва белгиланган муддатда объект топширилмаслиги аниқланган.
Шу муносабат билан фуқаролар 2025 йил август ойида шартномани бекор қилиш учун ариза берган бўлса-да, тўланган пул маблағлари узоқ вақт давомида қайтарилмаган. Бу эса уларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ижрочи шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши шарт.
Мазкур мурожаат Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан кўриб чиқилиб, натижада “GRAND COMFORT BUILDING” МЧЖ томонидан ҳар бир истеъмолчига 133 602 000 сўмдан, жами 267 204 000 сўм маблағ тўлиқ қайтарилиши таъминланди.
Шу тариқа, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланди.
Рақобат қўмитаси бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттириб, қурилиш соҳасида қонунбузарликларнинг олдини олиш, шартномалар ижросини таъминлаш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни кучайтирмоқда.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА